Россия ва Ўзбекистон ўртасида учоқсозликка оид ҳамкорлик инқирозга учради

ИЛ-76 Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN
Image caption Россия ИЛ-76 учоқларини қуришни Москвада давом эттириш ниятида

Россия ва Ўзбекистон ўртасида учоқсозлик соҳасидаги ҳамкорликлар деярли тўхтаган.

Бу ҳақда Россия Бош вазири муовини Сергей Иванов маълум қилган.

Жаноб Иванов кўра, Тошкент учоқсозлик бирлашмасини Россия Бирлашган авиасизлик корпоратсиясига интегратсия қилиш режаси амалга ошмаган.

Москва ИЛ-76 русумли учоқларни ишлаб чиқаришни Уляновск авиазаводида давом эттиради.

Чкалов номидаги Тошкент учоқсозлик корхонасини Россия авиасаноати тизимига бирлаштириш уруниши 2000 йиллар аввалида бошланган эди.

Бундан тўрт йил муқаддам Ўзбекистон раҳбарияти Тошкент авиакорхонасининг Россия Бирлашган авиасозлик корпоратсияси таркибига киришини эълон қилди.

Бироқ, кўп ўтмай, ҳар икки томон Тошкент авиакорхонаси ҳиссаларини бўлишиш масаласида ягона тўхтамга кела олмади.

Ўзбекистон Чкалов номидаги авиазаводнинг 50% ҳиссасини Россия Бирлашган авиасозлик корпоратсияси ихтиёрига беришга рози бўлди, бироқ, Москва заводнинг 50% ортиқ ҳиссаси берилишини талаб қилди.

Кейинроқ Россия томони Хитой ва Иордания буюртмаси билан бир неча миллиард долларлик Ил-76 русумидаги учоқларни қуриш битими ўз вақтида бажарилмагани учун Тошкент авиакорхонасини айблади.

Айрим кузатувчиларга кўра, Россиянинг Тошкент авиакорхонаси билан ҳамкорликни тўхтатиш қарори Ўзбекистонда авиатсия соҳасининг тугашини англатади.

Бироқ шарҳловчи Анвар Ҳусаинов бундай фикрларга қўшилмаслигини айтади.

"Бугунги кунда Тошкент авиазаводи кўп тармоқли технологик марказга айланган. Ил-76 учоқларини таъмирлаш, улар учун айрим эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи юзларча кичик корхоналар пайдо бўлган. Улар бозорда ўз ўринларини топиб олганлар. Шунинг учун Тошкент авиакорхонаси келажакда ҳам ўзини технологик имкониятларини сақлаб қолади. Менимча, Россия раҳбариятида Тошкент авиакорхонаси аҳаммиятини англай оладиган сиёсатчилар бор. Москва, албатта, Тошкент авиазаводи билан бўлган ҳамкорликни давом эттиради, деб ўйлайман," - дейди Анвар Ҳусаинов.

Ўткан йил кузида Чкалов номли Тошкент авизаводини банкрот этилгани ҳақида хабар тарқалганди.

Бироқ, яқинда "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" раҳбарининг муовини Эгамберген Палвонов Тошкент авиакорхонасида "ИЛ- 114-100" русумидаги учоқлар ишлаб чиқариш давом этаётганини билдирди.

Унинг маълум қилишича, "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ширкатида бешта "ИЛ- 114 -100" учоғи ишлатилмоқда ва жорий йилда ширкат яна иккита ушбу русумдаги учоқни харид қилмоқчи.