"Биз халқ фаровонлиги йўлида нозўравон услуб билан курашмоқчимиз"

Шамсиддин Атаматов

Би-би-си меҳмони - Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаолларидан бири Шамсиддин Атаматов.

Шамсиддин Атаматов "Андижон Адолат ва Тикланиш" ташкилотида раис ўринбосаридир.

У айни ташкилот томонидан Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Муассислар Мажлисига вакил ҳамдир.

Шамсиддин Атаматов шунингдек "Андижон Адолат ва Тикланиш" ташкилотида ўтказилаётган мониторинг ҳисоботлари, аризалар ва тўпланган фактларни жамлаб, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ва бошқа чет эл элчихоналарига тақдим этиш ҳамда улар билан ҳамкорликда ишлашга масъулдир.

Шамсиддин Атаматов 1976 йил 25-майда Андижон шаҳрида туғилган.

1992 йил мактабни 9 синфда тамомлагач, иш фаолиятини дурадгорчиликдан бошлаган.

"1993 йилдан дўстлар билан кийим-кечак савдоси билан шуғулланганмиз. 1998 йилга келиб, ўз хусусий дўконимни очиб, фаолиятимни тадбиркорчилик қилиш билан давом эттирдим," дейди Шамсиддин Атаматов.

2001-2004 йиллар давомида Андижон шаҳридаги "Канмаксан" номли Масъулияти Чекланган Жамиятга раислик қилган.

У 22 турдаги қандолат, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарган мазкур ташкилотда 100 дан ортиқ одам ишлаганини эслайди.

2004 йил 9-июнида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан андижонлик 23 тадбиркорнинг бири сифатида ҳибсга олинади ва 2005 йил 13 май куни халқ намойишлари пайтида қамоқдан озод қилинади.

Иззатилло, Ўзган: Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бўйича аниқ фикрлар борми? Бу ҳаракатга аввалги мухолифатдаги инсонлар қўшилдими?

Шамсиддин Атаматов: Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини ташкил қилиш ва фаолият олиб боришдан асосий мақсад - Ўзбекистонда эркин ва очиқ фуқаровий, хуқуқий жамият барпо қилиш. Хабарингиз бўлса, 23-24 май кунлари Берлинда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўзининг биринчи Қурултойини ўтказди. Мана шу Қурултойда кўплаб мухолифат вакиллари қатнашдилар ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини таъсис этган партия ва ташкилотлар элон қилинди. Ҳаракатни таъсис этган партия ва ташкилотлар етакчилари қаторида тажрибали мухолифат вакиллари бор, албатта. Булардан "Эрк" партияси лидери Муҳаммад Солиҳ жаноблари ва Ўзбекистон Демократик кучлари форуми етакчиси Исмоил Дадажоновларни айтиб ўтишим мумкин.

Карин, Боиси:Ҳурматли Шамсиддин, Ўзбекистонга қайтиш учун 100% ишонч бор, дедингиз, Қурултой ўтказдинглар ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига қўшилдинглар, нима учун қурултойдан кейин ҳеч қанақа конкрет маълумот йўқ?

Шамсиддин Атаматов: Авваламбор инсон ҳаётда қандайдир мақсадга интилиб ва мана шу қилган мақсади рўёбга чиқишига ишониб яшаши керак деб ўйлайман. Акс ҳолда инсон ҳаётда яшашдан мақсади нима эканлигини унутиб қўйиши мумкин. Биз Ўзбекистонда яшаган вақтларимиздаёқ инсонлар орасида тенглик ва яқинлик бўлишини хоҳлаганмиз. Яъни, аҳолининг маълум бир кичик қатлами яхши яшаб, бошқа бир қатлами ўта ночорликда кун кечирмасин. Ҳар бир инсон ҳаётга эркин ва ҳур, бошқаларга қарам бўлмаган ҳолда дунёга келади. Мана шу эркинлик ва ҳурлик инсон улғайган сайин кимлардир томонидан паймол қилинмасин. Ижтимоий соҳада бўладими ёки сиёсий соҳада, бир сўз билан айтганда жамиятда адолат бўлсин. Биз мана шундай мақсадларни амалга оширишга харакат қилганмиз ва қайсидир қирраларда бунга эриша олганмиз. Ўзбекистонда ўрнак бўла оладиган турмуш тарзини яратиб, уни халққа кўрсата олдик ва бунга халқнинг бир қисми эргашди. Бир қанча ҳукумат идоралари ҳам бу ишларни кўриб, ўрганиб чиқиб, ўрнак бўла оладиган ҳаракат бўлаётганини тан олишди.

Аммо ҳукумат тепасида турган бир гуруҳ муттаҳамлар мана шунақа халққа нафи тегадиган, аммо уларининг лаззатли ҳаётларига раҳна соладиган ҳаракат дунёга келаётганидан қўрқиб, бизни ҳаракатимизга нуқта қўймоқчи бўлишди. Биз, мана шу ишлар сабабли, ватанимизни тарк этиб чиқишга мажбур бўлдик.

2005 йил охирларидан бошлаб биз Америка, Канада, Австралия ва Оврўпо давлатларидан бошпана олиб, жойлаша бошладик. Мана орадан 6 йил ўтиб, бизнинг ҳаракатимиз қайта шаклланди ва дўстларимиз турли бизнесларни йўлга қўйишиб, ҳаттоки, ўзлари бориб жойлашган мамлакатлардаги ерлик аҳоли вакилларини ҳам иш билан таъминлашмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ичкарисидаги, ҳукумат қатағонларидан жабр кўрган 800 оилага доимий моддий ёрдам кўрсатиб келмоқдамиз. Булар бизнинг ўз оила аъзоларимиз эмас. Мен бу гапларни мақтаниш учун айтаётганим йўқ, биз Ўзбекистонда ҳақиқат талаб қилдик, холос. Аммо ҳукумат бизни йўқ қилмоқчи бўлди ва бор имкониятларини ишга солди. Оқибатини эса ўзингиз кўриб турибсиз: биз ҳали ҳам бормиз ва ҳаракатларимиз давом этаяпти. Ўзимиз яшаётган ҳар бир давлатда амалларимиз орқали биз ҳақ бўлганлигимизни ва бизнинг ҳаракатимизда ҳеч қандай инсонларга зиён етказувчи амаллар йўқлигини исбот қила олаяпмиз.

Мен бу гаплар билан айтмоқчиманки, бугунга келиб даврийлик қонуни ўзгарди, яъни ҳақиқат ғалаба қиладиган давр келди. Тарихда шундай даврлар бўлдики, инсонлар қанчалик эзгуликни мақсад қилмасин ва унинг учун ҳаётларини беришга тайёр бўлишмасин, уларга тақдир доим зулм остида ўтишликни битиб қўйган эди, аммо бугун давр ўзгарди. Бугун адолатсизлик томонда турганлар мағлуб бўладиган давр келди. Бунга мисол ўзимизни кичкина ҳаракатимизда кўрдим, бизга шундай синовли давр бўлдики, боримиздан ва ҳаттоки, ўз туғилиб ўсган ватанимиздан айрилдик. Аммо бу синовлар бизни руҳиятимизни синдира олмади. Аксинча, дунёдаги кўплаб давлатлар бизни қўллаб-қувватлагани бизни янада кучли бўлишга ва янада умид билан ҳаракат қилишга ундади. Шимолий Африка давлатларида бўлаётган ўзгаришлар эса бунга яна ҳам ёрқинроқ мисол бўлиши мумкин. Диктаторлар аввалгидек халқни зулм ва қўрқув остида ушлаб туришга қувватлари етмай қолди. Улар ўз кирдикорларини оддий халқдан яшира олмай қолдилар. Авваллари диктаторларни химоя қилиб келаётган қудратли давлатлар бугунга келиб уларга қарши туришга маҳкум. Чунки, бугун замон ўзгарди, адолат ва ҳақиқат албатта ғалаба қиладиган кун келди.

Шунинг учун мен бугун катта ишонч билан айтаяпманки, биз яқин вақтларда ватанимизга қайта оламиз, ватанимизга ўзгаришлар ва халқимизга енгилликлар олиб кела оламиз!

Энди Қурултойдан кейин конкрет маълумотлар бўлмаётганлиги учун узр сўрайман. Ҳаракатда ишчи гуруҳ тўхтовсиз ишлаб турибди. Улар ҳаракатнинг кейинги қадамлари хақида изланишлар олиб бориб, аниқ планлар ҳам тайёрлашган. Кейинги ҳафтада бошқарув ҳайъати мажлиси бўлиб ўтишини режалаганмиз, дастур ҳам тайёрладик, дўстларда фикрлар ва таклифлар ҳам бўлди. Яқин кунларда мана шунақа сиз айтгандек қадамларни ҳам кўрасиз.

Бўстон, Ўзбекистон: Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг амалиёти қанақа? Хўп, сиз "тинч йўл билан тўнтариш" режалаштираяпсиз: амалда қанақа қилиб, буни қилмоқчисиз? Ҳаракатни молиявий жиҳатдан ким қўллаяпти? Бунга ўхшаш ҳаракатларни орқасида, албатта, давлатлар ё шахслар туради. Бунинг ёмон жойини кўраётганим йўқ, аммо у кимлигидан келган ҳолда охирги план нималиги билинади.

Шамсиддин Атаматов: Режа бўлмаса, амал бўлмайди. Албатта, ҳозирги кунда режалаган ишларимиз аста секинлик билан амалга ошаяпти. Бунга мисол Ўзбекистон Халқ Ҳаракати дастлабки қадамини қўйди. Кейинги қадамларимизни ҳам, вақти билан амалда кўрсатиб борамиз.

Энди молиявий жиҳатдан ҳаракатимиз ҳозирча ташқи ёрдамга муҳтож бўлаётгани йўқ. Бизни бировга муҳтож бўлмайдиган иқтисодий системамиз бор. Аммо бу дегани бизни қўлловчи давлатлар ҳам йўқ дегани эмас. Айтмоқчиманки, биз ҳозирги кунда яшаб келаётган давлатларимизда ҳукумат вакилларига мақсад ва ғояларимизни айтиб, улар билан мулоқотлар олиб борганмиз. Улар ҳам ўз ўрнида бизни ғоя ва мақсадларимизни қўллаб-қувватлашган ва ўзларини имконлари қадар бизни бизнесларимизни ривожлантиришга ёрдам берганлар. Бизни ғарб давлатларида дўстларимиз кўп. Айни кунларда ўз ёрдамларини таклиф қилаётганлар ҳам йўқ эмас, аммо биз аввал бошидан ҳаракатни ташқи ёрдамлар ҳисобига шакллантирмоқчи эмасмиз. Тўтихон, Андижон: Нима учун сизлар олдин оилаларингизга, фарзандларингизга ширин сўзларни қизғанасизлар, оилани, ота-онани бир чеккага суриб қўясизлар? Сиёсатни деб, оилани ташлаб қўйишлик нотўғри. Ислом динида, Қуръонда бундай нарса йўқ.

Шамсиддин Атаматов: Менимча, Тўтихон опанинг саволи хосроқ яъни "Андижон Адолат ва Тикланиш" ташкилотига берилганга ўхшаяпти. Бизга қўйилаётган бу айбловлар нотўғри. Биз хеч қачон ота-онамиздан ёки фарзандларимиздан ширин сўзимизни қизғонмаганмиз. Ҳаётда инсонлар турли йўналишлардан боради, масалан, чегарачи бошқа касбдаги инсонлар каби оиласига кўп вақт ажрата олмайди, бошқалар каби унинг ҳаёти бир меъёрда сокин ўтмайди. Аммо унинг касби шарафли. Шуни ўзи унга етарли. Бу ўринда чегарачини оиласига бошқаларга нисбатан камроқ вақт ажратади, у фарзандларига нисбатан тошбағир, деб айблашлик менимча нотўғри бўлар.

Бугунги Ўзбекистондаги ҳаёт ачинарли аҳволда экани ҳаммага аёнку. Гўдаклар пахта далаларида сарсон, катталар бошқа юртларда қул каби меҳнат қилиб, меҳнатига яраша ҳақ ололмаяпти, чунки халқимиз ўз ватанида қадрланмайди. Кимки бу нарсаларни айтса, халқ душмани сифатида қамалади ёки ватандан қувғин қилинади. Агарда ҳамма оиласини ўйлаб, бугун менга бунақа кунлар келмайди, деб турса, эртага албатта унга ҳам мана шунақанги ноҳақликлар келмайди, деб ким кафолат бера олади? Бугун фарзандини қамоқдан мажруҳ бўлса ҳам, тирик келишини кутиб яшаётган оналар кимга додини айтсин? Ёки тирик етим бўлиб юрган фарзандларчи? Уларда нима гуноҳ? Оталари ҳақиқатни золимга айта олганликларими? Ёки намоз ўқиб, Аллоҳга қуллик қилганими?

Агарда мана шу қилаётган ишларимиз билан халқимизга озгина енгиллик олиб кела олсак, бизга ҳам ота-оналаримизга ҳам, шуниси етарли. Биз бу тақдиримиздан асло нолимаймиз аксинча бу тақдир - биз учун улкан шараф.

Шукур, Австралия: Атаматов жаноблари, кураш йўлингизни очиқ айта олмаяпсизку. Яна Андижон воқеасига ўхшаб, қилар ишни қилиб, ёлғон гапириб, "сувдан қуруқ" чиқиб кетмоқчисизлар?! Бу курашда ўзингиз ҳам қатнашасизми ёки четдан туриб, буйруқ бериб турасизми?

Шамсиддин Атаматов: Биз халқ фаровонлиги йўлида нозўравон услуб билан курашмоқчимиз ва бу мақсадимизни ҳамма жойда очиқ айтиб келаяпмиз. Олти йил аввал Андижонда бўлган ишни мен халқнинг ҳақиқий жасорати, деб биламан. Мана шу олийжаноб ишда мен ҳам иштирок этганимга Аллоҳга беҳисоб шукроналар айтаман ва ёлғон гапириб, ўзимни оқлайдиган иш қилганман, деб ўйламайман. Чунки, бир лаҳза бўлса ҳам, золимга қарши қўрқмасдан унинг адолатсизликлари ҳақида гапира олиш ва унга қарши бошни баланд кўтариб яшаш, қанчалик бахт эканини ўша куни майдонда бўлган одам ҳис қилади. Бундан кейин ҳам қилинадиган хайрли ишларда дўстларим билан бир сафда тура олишликни Яратгандан доим сўраб яшайман.

Ислом, Ўзбекистон: Ассалому алайкум Шамсиддин. Илтимос, менга Акромжон Йўлдошев ҳақида гапириб берсангиз, чунки у киши ҳақида жуда кам маълумотга эгаман ва сизни у кишининг яқин шогирди деб биламан.

Шамсиддин Атаматов: Мен Акром акани мактаб давримда таниганман, у киши бизга мактабда математикадан дарс берганлар. Бир инсон хақида яхшими ёмонми гапириш қийин нарса, чунки сиз у инсонни тўлалигича яхши хислатларини ёки камчиликларини билмаслигингиз мумкин. Шунинг учун мен у кишида кўрган икки сифатни айтиб бермоқчиман.

Биринчиси, Акром ака ўзидан кўра кўпроқ бошқаларга яхшилик бўлишини хоҳлаб яшадилар. Ўзларига бутун Ўзбекистон халқини яхши яшашликка эришишни мақсад қилдилар. Мана шу мақсади йўлида ҳеч ҳам ноумид бўлмадилар ва бизни ҳам мана шу мақсад билан яшашга ўргатдилар.

Иккинчиси, умумий мақсад йўлида қандай қийинчилик келса ўзларига қабул қилдилар. Бошқалар муаммога дуч келса, уни ечмагунча тиниб-тинчимай, меҳрибонлик қилиб, ана шу муаммодан чиқиб кетишлиги учун ҳаракат қилдилар. Бир кун бирга суҳбат қилиб қолганимизда у киши: "Бизни мақсадимизга олиб борадиган йўл машаққатли, аммо бизда шундай журъат бўлиши керакки, ана шу қийинчилик фақат менга келсин ва дўстларим бу қийинчиликлардан ҳоли бўлсин, дея олашимиз керак. Ана шундагина бизни мақсадимиздан тўса оладиган куч бўлмайди," - деган едилар.

Мен мана шу икки сифат лидерларда бўлиши шарт бўлган хислат, деб биламан.

Фурқат Диёр, Торонто: Акромжон Йўлдошевнинг ҳозирги тақдири қндай, тез орада қаторга қўшиладими?

Шамсиддин Атаматов: Ҳозирги кунда у киши Ўзбекистонда қамоқда, аммо у киши билвосита биз билан биргалар. Яъни биз у кишини ғояларини давом эттараяпмиз. Ишонамизки, Акром ака қисқа вақт ичида яна бизни сафимига бевосита қўшиладилар.

Жамшед, Лондон: Шамсиддин ака, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати нега ўзига сиз каби ёшлар ўрнига лидер қилиб, Муҳаммад Солиҳ акани танлади?

Шамсиддин Атаматов: Ҳозирги кунда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига Мухаммад Солиҳ ака сингари тажрибали инсон бош бўлиши керак, деб ўйлайман. Чунки ҳаракат бошида кўп қийинчиликларга учраши табиий. Мана шунақа қийин кунларда у кишининг тажрибаси ҳаммага қўл келади ва нафи тагади. Шахсан мен Муҳаммад Солиҳ акани яхши танийман. Мени у кишидан ўрганадиган нарсаларим кўп. Агарда бугун биз ёшлар ёши катта тажрибаси кўп инсонлардан кўпроқ нарса ўргансак, албатта ертага ўзимизга фойдаси кўп тегади.

Наргиза, Истанбул: Шамсиддин ака, барча ўзбекистонлик ёшлар сингари, мен ҳам Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини қўллаб-қувватлайман. Фақат қачон Ҳаракат барча ёшларни бирлаштириб, Ўзбекистон ичида ўзининг дадил ҳаракатларини бошлайди? Қачон эркин, озод ва демократик жамиятни ўзимизда қурамиз?

Шамсиддин Атаматов: Мен Наргизахонга Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини қўллаб-қувватлаганлари учун ташаккур билдираман. Ўзбекистонда сиз каби ёшлар кўпайиб борар экан албатта тез кунларда демократик жамият барпо қила оламиз. Ҳаракат ўз номи билан Халқ ҳаракати аввало Ўзбекистонимизда яшаётган кўпчилик мана шу ҳаракатни "менинг ҳаракатим," деб билса ва бизга кимдир келиб бизни бирлаштиради, дейишдан кўра, биз ҳам нимадир қила оламиз, деган фикрга ўтсак, ана ўшанда бизни бир кун ҳам ушлаб тура оладиган куч қолмайди.

Комрон, Япония:Бугунга келиб Сизга аён бўлган нарсалар барчага аён – ҳамма жойда қозон қайнатувчи, олов-манба бир хил, фақат манфаатлар, қадриятлар ўзгача, холос. Бир томондан “диктаторлик,” десак, бошқа томондан эса “ташқи кучлар” манфаати. Кимларга қўшила олмадингизки, кимлар билан шерик бўлолмадингизки, ризқингизга ҳамла бўлди? Ахир, биласизку, Каримов бошқармайди мамлакатни?

Шамсиддин Атаматов: Ўзбекистонда режим инсонларни қўрқув остида яшаб, уларни рўзғор ғамидан бошқа нарсага вақт топа олмайдиган ҳолатда ушлаб туришга қаратилган. Биз мана шу қоидага амал қилмадик. Биз билдикки, бунақанги тубан ишлар алал оқибат хорлик билан тугайди. Бнинг мисолини Ўзбекистонда ҳам кўриш мумкин ва ҳозирги даврда диктаторлик тузимларига хизмат қилган ва уни бошқарганларни ҳаёти қандай якун топаётганида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбек, Қўшма Штатлар: Ҳозир агарда ўзбек ҳукумати сизларга келишувни таклиф қилса, рози бўласизларми?

Шамсиддин Атаматов: Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафида бугунги кунда бундай фикрга қарши турадиганлар сони кўп. Аммо бунақанги мавзулар ҳаракатда кенг кўламда муҳокама қилиниб, кўпчилик овоз билан қарор қабул қилинади.