Ўзбекистон: Глобализацияга қарши чекка бўлга - Foreign Policy

Дунёда халқаро олигархия қамраб олмаган атиги бир неча мамлакат қолган. Улардан бири Ўзбекистон. Унинг халқаро молия институтларига қўшилишни рад этиб, ўзининг мустақил йўлини олиб бораётгани, қатор иқтисодий муаммолар, хусусан, гиперинфляцияга қарамасдан, бу мамлакатни жаҳон молиявий бўҳронидан четда қолишига сабаб бўлди, деб ёзади мақола муаллифи, Ижтимоий ва сиёсий тадқиқотлар академияси ходими, доктор К.Р. Болтон.

Муаллиф Oilprice.com нашрининг Ўзбекистондаги сармоя муҳити таҳлилидан кўчирмалар келтиради. Oilprice.com хорижий сармоядорларнинг собиқ Шўро мамлакатларидаги углеводород заҳираларига “ташланганлари”, улар асосий эътиборларини Каспийга, хусусан, Озарбайжон ва Қозоғистонга қаратганларини эслатади.

“Ўша даврларда Ўзбекистон атиги 10 миллиард АҚШ доллари атрофида инвестиция жалб эта олди. Бунга қарамасдан, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазири кейинги беш йил мобайнида 500 лойиҳа бўйича 50 миллиард доллар чет эл сармоясини жалб этиш мақсадида эканларини қайд этди”, дейилади мақолада.

Ўзбекистоннинг кўплаб табиий бойликларга эга экани ва бу бойликларнинг тахминий заҳираларини айтиб ўтган Oilprice.com шу пайтгача нега Ўзбекистонга кам хориж сармояси киритилгани сабабларига назар ташлашга уринган.

Бу сабаблардан бири сифатида Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш йўли тўсилгани айтилади, кейингиси мамлакат миллий валютасининг "тўла конвертацияланмагани"дир. Шунингдек, мамлакат "халқаро пул ташкилотлари билан муносабатда ўта эҳтиёткорона сиёсатни кўзлади," дейилади.

“Oilprice.com муаллифларининг қўшимча қилишича, бундай ёндашувнинг оқилона бўлгани глобал рецессия пайтида ўз тасдиғини топди, рецессия Ўзбекистонни четлаб ўтди”, дейилади Foreign Policyдаги мақолада.

“Ўзбекистон ўзининг мустақил йўлини давом эттиради ва хорижий сармояларнинг “ялтир-юлтирига учмайди”, деб умид қилиниши билан бирга Ўзбекистоннинг ҳукмдорлари хавфли ўйинни ўйнаётганлари ва Иблис билан бирга бир қозондан овқат ейиш учун жуда узун қошиқлари бўлиши кераклигини яхши англайдилар”, деб ёзади мақола муаллифи.

“Хориж сармояларига шароит яратиш мақсади эълон этилиши Ўзбекистонни ҳаддан зиёд йирик, ҳали қўл тегмаган бойликлар манбаси деб кўрадиган глобалистларни қондириши мушкул. “Бахмал инқилоблар» глобалистлар мақсади йўлида ҳали давом этади. Ўзбекистон, Туркманистон ва Беларус билан бирга, глобалистлар рўйхатининг энг тепасида турипти”, дейилади мақолада.

Муаллиф Ўзбекистон билан Туркманистоннинг жаҳондаги демократия даражаси бўйича энг паст ўринларда эканини, вазиятни ўнглаш йўлини туркманистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Тажигул Бегметова ёш авлодда кўришини айтади.

“У умидни Ҳолливуд, МТВ, Твиттер ва истеъмолчиликка асосланган “янги дунё тартиби”га ўз ватанлари қўшилиши орзуси ортида нималар турганини фаҳмлаб етмайдиган ақли ноқис ёш авлод ривожланишида кўради. Бу ёшлар бошқа собиқ Шўро мамлакатларидаги ва яқиндаги Шимолий Африкадаги тенқурлари сингари “бахмал инқилоблар"га асос бўлиб хизмат қилади”, дейилади мақолада.

“Чет элда таълим олиб келган ва эркинликни ҳис қилган ёшлар авлоди ўсиб келмоқда. Уларнинг фикрлашлари ўзгача. Улар ҳукуматнинг бемантиқ амалларини қабул қила олмайдилар ва буни тенгдошлари орасида муҳокама этадилар," дейди Тожигул Бегметова.

“Ёшлар дунёқараши ота-оналари ёки бобо-бувилариникидан устунлиги аёнлигига қармасдан, Бегметова хоним кузатишича, бу “катталар ёшларни тушунмайдилар” деган эски қўшиқнинг такрорланишидир. Бунда жўжахўроз кексаларни ноҳақ деб ҳисоблайди, амалда эса улар ҳамма бойликлар бир гуруҳ қўлида тўпланишини тушуниб-тушунмаётган лаганбардорларнинг янги авлоди вакилларидир," деб ёзади муаллиф К.Р. Болтон.

Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти Ўзбекистон ва Туркманистонга махсус эътибор қаратади. Институт яқинда Ўзбекистонда айнан "бахмал инқилоб”ни тарғиб этиш мақсадида янги ташкилот тузилгани ҳақида хабар тарқатди. Ўзбекистон Халқ ҳаракати деб номланган ҳаракат иш бошлагани эълон қилинди.

“Францияда яшайдиган Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Халқ ҳаракати мухолифатни мувофиқлаштириш йўлидаги дастлабки уринишлардан фарқ қилади, фарқи шундаки, ҳаракатнинг Оврўпо ва Шимолий Америкада қўллаб-қувватлочилари ва молиявий дастакчилари бор. У изчил оммавий кампаниялар Ўзбекистон ичкарисида йирик норозилик чиқишларини келтириб чиқаришига ишонади”, дейилади мақолада.

“Оврўпо ва Америкадаги молиявий дастакловчилар ким эканини тахмин қилиб топиш қийин эмас, мисол учун Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти фаолиятини Демократия учун Миллий жамғарма молиялашини маълум қилади. Эрон каби Ўзбекистоннинг ҳам суверен мамлакат сифатида ўзини асраб қолаётгани сабаби мамлакат ҳукмдорларининг глобал олигархиянинг фирибгарликларидан огоҳликларидадир. Ўзбекистонда Сорос лойиҳалари 2004 йилда беркитилганидан кейин ҳукумат юарча халқаро ташкилотларни рўйхатдан ўтказишга буйруқ берди”, деб ёзади К.Р Болтон.

“Ўзбекистон томонидан аксилҳукумат ташкилотларга қарши кўрган чоралар ва “Сорос” жамғармасининг ёпилиши жаҳон бўйлаб Сорос ташаббусларини дастаклайдиган АҚШ ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлди”.

Foreign Policyдаги мақолада Ўзбекистон ҳукумати Human Rights Watch ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпгани, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Сорос билан, Хорижий Алоқалар Кенгаши (CFR) билан алоқаси борлиги ҳақида ёзилган. Ташкилот фаолиятининг мақсадини нишонга олинган мамлакатлар хотимаси кўпинча ҳарбий ҳужумлар билан тугайдиган мамлакатни жаҳон матбуотида ёмонотлиқ қилишда деб биладилар, дейилади мақолада.

Тақиқланган ташкилот «Очиқ Жамиятга кўмаклашиш жамғармаси институти-Ўзбекистон” 1996 йилда ташкил этилган ва Ўзбекистондаги “ёрдамларга 22 миллион доллардан ортиқ” сарфлаган. “Қорамойли” қўл бармоқлари таълим соҳасига қўйилгани асосий фаолият тури бўлган. Тақиқ Соросни буткул тўхтатиб қўйгани йўқ. Ўзбек давлатига қарши фаолият Марказий Овроосиё лойиҳаси Central Eurasia Project орқали давом эттирилди, деб ёзади мақола муаллифи.

“Дунёнинг бошқа жойларида бўлгани сингари Сорос Халқаро Инқироз гуруҳи билан яқин ҳамкорлик қилади. Бу ташкилот глобалистларнинг «жаҳон бўйлаб бахмал инқилобларни тарқатиш” мақсадидаги марказлашган тармоғидаги ташкилотлардан бири”, деб ёзилади Foreign Policyдаги мақолада.