Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Москвада ўзбек ҳуқуқ фаоли қаттиқ дўппосланган

Image caption Бу Баҳром Ҳамроевга қарши Россияда уюштирилаётган илк ҳужум эмас

Москвада "Мемориал" инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи марказининг ўзбекистонлик ходими Баҳром Ҳамроев дўппослаб кетилган.

Баҳром Ҳамроев Россияда яшовчи ва ишловчи марказий осиёлик муҳожирлар, хусусан ўзбекистонлик қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланади.

Унинг Би-би-сига хабар қилишича, 6 июн кечқурун ўзи яшайдиган кўп қаватли бинонинг подъездига кирганида бир йигит лифтдан чиққан ва иккинчиси зинада пайдо бўлиб, уни қаттиқ дўппослашган.

Ҳамроевнинг айтишича, уларнинг қўлларида кастет, яъни муштлашувда ишлатиладиган тўрт бармоққа кийилувчи ясси қурол бор эди ва шунинг оқибатида боши ва юзи ёрилиб, кўп қон кетган.

"Славян кўринишида эди. Ҳақиқатан спорт билан шуғулланиб юрган йигитларга ўхшайди, ёшлари 25-30га яқин. Умуман биронта ҳам сўз айтишмади, жуда тезлик билан бажаришди ишни. Аҳволим оғирлашиб, ҳушимни йўқотганимдан кейин, газ баллончигидан газ сепиб, қочиб кетишди", дейди у.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган "Мемориал" марказининг Марказий Осиё дастури директори Виталий Пономаревнинг айтишича, ҳужум олдиндан уюштирилган бўлган.

Бунга, унинг айтишича, подъезддаги хавфсизлик камераларининг сақич билан қоплаб кетилгани ишорадир.

Баҳром Ҳамроевнинг ўзи ҳужум ортида Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати (ФСБ)турганига ишонади.

У ҳужумнинг эртасига Ҳизбу Таҳрир ҳаракатига аъзоликда айбланиб қамалган ўзбекистонлик Юсуф Қосимохуновнинг Россияда қочқинлик мақомини олиши ёки олмаслигини ҳал этиши кутилган маҳкама ишига жўнаб кетиши керак эди.

Унга кўра, Юсуф Қосимохуновнинг иши Россия ФСБси назоратида бўлган ва бу идора унга Ўзбекистонга топширилишини айтиб кўп босим ва тазйиқлар ўтказган.

Россия Федерал Хавфсизлик Хизматининг матбуот котиби ходими Баҳром Ҳамроевнинг қаттиқ дўппосланиши борасида Би-би-сига бирон муносабат билдиришдан бош тортди.