Россияда қамоқдан чиқиши кутилаётган ўзбекистонлик экстрадиция қилиниши мумкин

Россияда "Ҳизбут-Таҳрир" ташкилоти фаолияти 2003 йилда терорчи ташкилотлар рўйхатига киритилди ва унинг фаолияти таъқиқланди
Image caption Россияда "Ҳизбут-Таҳрир" ташкилоти фаолияти 2003 йилда терорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган ва унинг фаолияти таъқиқланган

Шу кунларда Россиянинг Мурманск шаҳрида "Ҳизбут таҳрир" диний ташкилотига аъзоликда айбланиб, етти ярим йилга қамалган ўзбекистонлик Юсуф Қосимохуновнинг иши кўриб чиқилмоқда.

2004 йилда озодликдан маҳрум этилган Қосимохуновнинг жазо муддати тугаган, бироқ энди россиялик ҳуқуқ фаоллари унинг Ўзбекистонга топширилиши эҳтимолидан хавотир билдиришади.

Россияда "Ҳизбут-Таҳрир" ҳаракати террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва унинг фаолияти ман этилган.

Сўнги пайтларда Россия шаҳарларида ташкилотга алоқдорликда гумон килинган катор шахслар ҳибсга олинган.

'Айбловлар исботланмаган'

47 ёшли андижонлик Юсуф Қосимохунов Россияда "Ҳизбут-Таҳрир" диний ташкилотига аъзоликда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган илк Ўзбекистон фуқароларидан биридир.

Қосимохунов 2004 йилнинг февралида Москвада ҳибсга олинганди. Москва шаҳар суди қарорига кўра, Юсуф Қосимохунов Россияда яширин ташкилот тузган ва бир гуруҳ шахсларни аъзоликка даъват этган.

Ўз навбатда ҳуқуқ фаоллари Қосимохунов фақат "Ҳизбут-Таҳрир" диний оқимига аъзо бўлгани сабабли қамалгани ва унга қўйилган айбловлар исботланмаганини айтишади.

Юсуф Қосимохунов ишини яқиндан кузатиш мақсадида ҳозирда Мурманск шаҳрига келган "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази ходими Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, қамоқхона расмийлари у ҳақда маълумот беришдан бош тортишмоқда.

"Қосимохунов Мурмаши-2 қамоқхонасидан қўйиб юборилиши керак. Унинг жазо муддати тугаган. Лекин, бу ерда Юсуф Қосимохуновнинг қамоқдан чиқмасидан, Ўзбекистонга бериб юбориш хатари мавжуд. Мен қамоқхона раҳбарлари билан Ўзбекистон фуқароси ҳақида маълумот олишга уринаяпман. Расмийларнинг менга бераётган жавоблари шундай хулоса қилишга ундаяпти: Россия ҳукумати Юсуф Қосимохуновни экстрадиция билан бўлмаса ҳам, депортация йўли билан расмий Тошкент қўлига топшириши мумкин. Юсуф Қосимохунов Ўзбекистонга берилмаслиги керак, чунки унга нисбатан қаттиқ жазо қўлланиши ва яна узоқ йилга ҳукм этилиши аниқ", дейди Баҳром Ҳамроев.

Тақиқланган ташкилот Россияда "Ҳизбут-Таҳрир" ташкилоти фаолияти 2003 йилда терорчи ташкилотлар рўйхатига киритилди ва унинг фаолияти таъқиқланди.

Ўшандан буён айни ташкилотга аъзоликда гумон қилинган ўнлаб Марказий Осиё ва Россия фуқаролари маҳкамага тортилган.

Охирги маротаба бундан уч ҳафта олдин Бошқирдистон "Ҳизбут-Таҳрир"га аъзоликда айбланиб, 3 нафар маҳаллий аёл ҳибсга олинганди.

Олдинроқ эса, Москвада уч фарзанднинг онаси тожикистонлик 35 ёшли аёл ушбу гуруҳга алоқадорликда гумон этилиб, қўлга олинди.

Ушбу ҳибсга олинган аёлларнинг эрлари Россияда "Ҳизбут-Таҳрир"га аъзолик айбловлари билан жазога тортилгани айтилади.

Келаси ҳафта Президент Дмитрий Медведевнинг Тошкентга бориши режаланган. Ушбу сафар чоғи ҳар икки давлат раҳбарлари минтақа хавфсизлиги каби масалалар қаторида радикал ташкилотларга қарши кураш мавзусини ҳам муҳокама этишлари кутилмоқда.