HRW ўзбекистонлик қочқинларни ортга экстрадиция этгани учун қозоқ ҳукуматини қоралади

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти 28 нафар ўзбекистонлик бошпана изловчини мажбуран ортга экстрадиция этгани учун Қозоғистон ҳукуматини қоралаган.

Халқаро ташкилотга кўра, бошпана изловчилар Ўзбекистонда қийноққа тутилишлари муқаррар ва ушбу қадам билан Қозоғистон ўзи имзо чеккан халқаро келишувларни бузмоқда.

Расмий Остона эса, Ўзбекистон фуқароларининг топширилиши қонун доирасида амалга оширилганини таъкидламоқда.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлигини қочқинларнинг тақдирига бепарволикда айблашмоқда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, ўзбекистонлик масъуллар ортга экстрадиция этилганларнинг қийноққа солинмасликларига кафолат беришган.

Аммо, халқаро ташкилотга кўра, бу каби ишонтиришлардан деярли маъни йўқ.

Бошпана изловчиларни Ўзбекистонга топширган Қозоғистон ҳукумати ушбу амаллари халқаро ва республика қонунларини бузмаган ҳолда амалга оширилганини таъкидламоқда.

Аммо инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Ўзбекистоннинг қийноқлар билан танилгани ва бошпана изловчиларни бундай мамлакатга юбориш халқаро конвенцияларга мутлоқо зидлигини айтишмоқда.

Қозоғистонлик юрист Денис Живагага кўра, Қозоғистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Остонадаги йиғинидан олдин Каримовга қочқинларни бериб, ўзига хос совға қилган.

“Балки бу атайлаб қилинмагандир. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам бу – ШҲТ саммити арафасида жаноб Каримов учун катта совға бўлди," - дейди Денис Живага.

Живага жанобларининг айтишича, бошпана изловчиларнинг қийноқлар қўлланиладиган давлатга юборилишида БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлигининг лоқайдлиги асосий сабаб бўлган. 28 бошпана изловчининг 18 тасида БМТ томонидан берилган қочқинлик мақоми бўлган, аммо ташкилот ҳеч қандай асосларсиз ушбу мақомдан уларни мосуво қилган.

“БМТнинг ушбу ташкилоти на халқаро ташкилотларга ва на ҳуқуқ ҳимоячиларига уларнинг қочқинлик мақоми нима учун бекор қилингани ҳақида тушунтириш бермади. Менимча, қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлиги ушбу бошпана изловчиларнинг мақоми нима учун бекор қилинганини аниқ тушунтириши керак эди," - дейди Денис Живага.

БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлигининг Олма отадаги ваколатхонаси айни дамда бошпана изловчилар учун кириш қийин бўлган бир масканга айланган.

Уч қатор темир эшиклардан ўтиб боргачгина, ушбу ташкилотга кириш мумкин, унда ҳам олдиндан келишувингиз бўлса.

Турмуш ўртоғи Ўзбекистонга экстрадиция қилинган Нафиса бугун 4 кунлик уринишдан сўнг БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлигига киришга муваффақ бўлган.

Ташкилот вакиллари бу ерда қолган аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш борасида ҳам бирор жўяли гап айтишмаган.

“Юришимизга бирор бир қоғоз беринглар, пропискаларимиз йўқ дедим. Бизга ҳокимиятдан янгилик келди, болалар ва аёлларга индамаймиз деган хабар келди, деди. Биз бунга ишонмай қолдик, эркакларни ҳам шундай деб тайёр гўшт қилиб топширдинглар-ку десам, бу гап сир, сизларга ҳеч нарса айтолмайман, деди. Ҳимоя қиламиз деб аниқ айтмади," дейди бошпана изловчи Нафиса.

Ўзбекистонга юборилган бошпана изловчиларнинг Қозоғистондаги аёлларининг айримлари ортга қайтиш ҳаракатида, қолганлари эса, Ўзбекистонга уларга нисбатан тазйиқлар бўлиши мумкинлигидан хавотирланиб, қаерга боришларини билишмаяпти.