Владивостокда ўзбекистонлик қурувчилар норозилик намойишига чиқишган

Ўнларча ўзбекистонлик қурувчилар Россиянинг олис Владивосток минтақасидаги Русский оролида қурилаётган Узоқ Шарқ Федерал университети биноси қаршисида намойишга чиқишган.

Меҳнат муҳожирлари қурилиш раҳбариятидан улар бажарган иш ҳаққи тўланишини талаб этишмоқда.

Приморье ўлкаси бош прокурорининг ёрдамчиси Елена Телегинанинг айтишича, ҳозирда норозилик намойишига чиққан ўзбекистонликларнинг талаблари кўриб чиқилмоқда.

Намойишчилар олдига прокуратура ҳамда касаба иттифоқи вакиллари етиб келишган.

Полиция расмийларига кўра, намойишчилар томонидан тартибсизлик қайд қилинмаган, бироқ вазият таранглашган.

Ўзбекистонликлар Русский Оролида Осиë Тинч Уммони Ҳавзаси Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотининг саммити учун бинолар қуришга даъват этилган бўлишган.

Халқаро ташкилотнинг олиймақом йиғилиши жорий йилнинг сентябр ойида Русский оролида ўтказилиши режаланган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Русский оролида хорижий ишчиларнинг норозилик намойишига чиқишлари биринчи маротаба кузатилаётгани йўқ.

Бундан бир ой аввал ҳам иш ҳақи тўланишини талаб этиб, 250 нафар туркиялик қурувчиларнинг норозилик намойишлари кузатилган.

Ўтган йил сентябр ойида эса, Осиë Тинч Уммони Ҳавзаси Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити учун қурилаётган иншоотларда ишлаган 200 га яқин хитойлик қурувчи маошлари тўланишини талаб этиб, иш ташлашганди.

Ўшанда Русский оролида тартибсизлик юз берган ва намойиш милиция кучлари томонидан бостирилганди.

Расмий маълумотлар бўйича ўтган йили Приморье ўлкасига 42 мингга яқин меҳнат муҳожири ишга келган.

Хорижийларнинг ярмидан ортиқроғини Хитой ва Ўзбекистон фуқаролари ташкил этишади.

Меҳнат муҳожирлари асосан қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва савдо соҳаларида ишлашади.