Президент Каримов куч тизимлари учун масъул маслаҳатчисини ишдан бўшатган

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption 'Президент Каримов куч тизимларидаги раҳбарларни тез алмаштирмайди'

Ўзбекистоннинг ҳукумат доираларига яқин "Узметроном" веб саҳифасининг ҳукуматдаги манбаларга иқтибосан хабар беришича, ўтган жума куни президентнинг ҳуқуқ-тартибот, хавфсизлик ва куч тизимлари фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул давлат маслаҳатчиси Муйиджон Тоҳирий ўз вазифасидан бўшатилган.

Президентнинг янги давлат маслаҳатчиси этиб Ўзбекистон адлия вазири Равшан Муҳиддинов тайинланган.

"Узметроном"га кўра, Адлия вазири лавозимига ҳозирча ҳеч ким тайинланмаган.

Бу ҳақда Регнум хабар агентлиги ҳам ўзининг ҳукуматдаги манбаъсига таяниб, хабар берган.

Узметрономнинг аахборотича, генерал-майор Муйиджон Тоҳирий давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтган йил сентябрида тайинланган эди.

Бунга қадар у Президент ҳузуридаги Миллий Хавфсизлик Кенгаши котиби ва Миллий Хавфсизлик Хизмати раисининг ўринбосарлари лавозимларида ишлаган.

Узметроном Президентнинг куч тизимлари бўйича маслаҳатчиси лавозимини ҳозирга қадар махсус хизматлар вакиллари эгаллаб келганига эътибор қаратган.

Президент девони мулозимлари кўпинча Президентнинг ички фармойиши билан тайинланади ва матбуотда эълон қилинмайди.

'Қудратли маслаҳатчилар'

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар институтининг собиқ ходими Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Президент Каримов куч тизимларидаги юқори лавозимли кадрларни тез ўзгартирмасликка ҳаракат қилади.

"Чунки уларнинг қўлларидан жуда ҳам мухим ахборотлар ўтади", - дейди таҳлилчи.

Унинг фикрича, жаноб Тоҳирийнинг ишдан олиниши Президент Каримовга ёқмаган ёки уни қониқтирмаган жиддий ҳолат билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Камолиддин Раббимовнинг сўзларига кўра, хавфсизлик ва куч тизимлари учун масъул давлат маслаҳатчиси кадрларни лавозимга тайинлаш ваколатига эга эмас, аммо у ёки бу шахс ҳақида Президентнинг тасаввури шаклланишида муҳим рол ўйнайди.

"У ўзи истаган ахборотни Президентга киритиши ёки киритмаслиги мумкин. Ўзбекистонда Президент атрофидаги қудратли маслаҳатчиларнинг вазифалари кўпинча шундан иборат",- дейди Камолиддин Раббимов.