Президент Медведев Ўзбекистонга сафар қилмоқда

Image caption Самарқандда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, аммо шаҳарликлар Президент Медведевнинг ташрифидан бехабар

Хабарларга кўра, Россия Президенти Дмитрий Медведев Ўзбекистонга икки кунлик ишчи ташрифини Самарқанддан бошлаган.

РБК хабар агентлиги Ўзбекистон президенти матбуот хизматига иқтибосан Самарқанд аэропортида Президент Медведевни Президент Каримов кутиб олгани ҳақида хабар берган.

Аммо Ўзбекистоннинг давлат хабар агентлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги жаноб Медведевнинг Самарқандга етиб боргани ҳақида расман хабар тарқатганича йўқ.

Шунингдек, Кремл матбуот хизмати, Россия президентининг веб саҳифаси ҳамда Россиянинг етакчи хабар агентликлари ҳам ташриф ҳақида сукут сақламоқда.

Фарғона.ру нашрининг ўз манбаъларига таяниб билдиришича, Ўзбекистон томони Москвадан "ортиқча журналистлар"ни таклиф қилмасликни сўраган.

Унга кўра, Кремлдаги журналистларнинг кўпчилиги таклиф этилмаган ва жаноб Медведевга икки-учта марказий телеканалларнинг тасвирга олиш гуруҳлари ҳамроҳлик қилмоқда, холос.

Фарғона.ру ташриф ниҳоясида журналистлар учун матбуот анжумани ҳам режаланмаганини айтган.

Самарқандлик ҳуқуқ фаоли Комилжон Ашуровнинг Би-би-сига айтишича, якшанба кунидан буён шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, аммо самарқандликлар Президент Медведевнинг ташрифи ҳақида ҳеч нарса билишмайди.

РБК хабар агентлигига кўра, икки давлат раҳбарлари Самарқандда тарихий обидаларни зиёрат қиладилар ва кейинроқ Тошкентда ҳукумат ҳайъатлари иштирокидаги музокаралар бўлиб ўтади.

Музокараларда икки томонлама алоқалар, минтақадаги хавфсизлик ва томонларни қизиқтирган халқаро масалаларнинг муҳокама қилиниши кутилаяпти.

Кремл матбуот хизмати ва Ўзбекистоннинг ЎзА давлат хабар агентлиги ташрифнинг Президент Каримов ташаббуси билан амалга ошаётганини тасдиқлаган.

Бу Дмитрий Медведевнинг 2008 йилда президентликка сайланганидан буён Ўзбекистонга учинчи ташрифидир.

Ташриф Россия навбатдаги президентлик сайловлари арафасида турган ва Путин-Медведев тандемидан қайси бири президентликка номзодини қўйиши қизғин муҳокама қилинаётган пайтга тўғри келмоқда.

2008 йилда Президент Каримов жорий бош вазир Путинни президентликда қолиш ҳақида огоҳлантирганди.

Россиялик айрим таҳлилчиларга кўра, бу Дмитрий Медведевнинг нафсониятига теккан бўлиши мумкин.

Икки раҳбар орасидаги муносабатлар Путин ва Каримов ўртасида бўлгани қадар мустаҳкам эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондан сўнг Президент Медведев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Остонадаги саммитида иштирок этади.

Президент Каримов ҳам ШҲТнинг юбилей саммитида иштирок этиш учун Остонага сафар қилиши кутилмоқда.