Ўзбекистон ва Россия раҳбарларини 'Араб баҳори ташвишлантирган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Ria Novosti

Россия Президенти расмий Интернет саҳифасига кўра, Президент Дмитрий Медведев билан Президент Ислом Каримовнинг Тошкентдаги музокаралари тўрт соат давом этган.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари Яқин Шарқдаги сингари ҳодисалар ривожи борасида ўртада ўзаро муҳокамалар зарурлигини таъкидлаганлар.

"...Ишончим комил, Ўзбекистонда хавфсизликни, минтақада барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан юз бераётган ҳамма нарса, бугун Шимолий Африкада, Яқин Шарқда юз бераётган ҳамма нарса, Афғонистонда юзага келаётган вазият - булар ҳаммаси, авваламбор бизнинг умумий мавқеимизни ишлаб чиқиш, аҳвол бўйича очиқ фикрлар алмашиш ва яқин орада ҳал қилиш лозим бўлган масалалар нуқтаи назаридан Россияни ҳам, Ўзбекистонни ҳам ўйлантирмаслиги мумкин эмас", деб айтган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов.

Россия Президенти Дмитрий Медведевга кўра, Яқин Шарқдагига ўхшаш ҳодисаларнинг тушунарли сценарийда ривожланишини хоҳлашади.

"...Халқаро проблематикага келганда, сиз мутлақо ҳақсиз, чиндан ҳам дунё жиддий синовлар билан юзма-юз келиб турибди. Бу йил "Араб баҳори" деб аталган воқеалардан бошланди, у Араб шарқида, шунингдек, Африка шимолида буткул янги вазиятни пайдо қилди. У ерда юз берган нарсаларнинг халқаро таъсири анча узоқ вақтга чўзилиши эҳтимоли бор. Шубҳасиз, биз бу каби ҳодисаларнинг тушунарли ва биз учун башорат қилиш мумкин бўлган сценарийда ривожланишидан манфаатдормиз. Чунки бу давлатлар билан бизни кўплаб кўзга кўринмас иплар боғлаб туради. Бу фақат иқтисодий муносабатлар, савдо муносабатлари эмас, балки кўплаб гуманитар ва маданий алоқалардир. Улар анча ижобий бўлиши ҳам мумкин, анча мураккаб, баъзан ҳатто қўпорувчи характерга эга бўлиши ҳам мумкин", дея Россия Президенти Дмитрий Медведевдан иқтибос келтирган Kremlin.ru веб-сайти.

Аксар кузатувчилар Президент Ислом Каримов таклифи билан амалга ошган Президент Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга ишчи сафарини Араб мамлакатларида узоқ йиллар ҳукмронлик қилган раҳбарлар ўзгаришига олиб келган вазият билан боғладилар.

"Ҳозир Каримов Ислом дунёсида юз берган инқилоблардан жиддий ташвишланган, унга дастаклов керак. Ва у бу дастакловни фақат Шанхай Ҳамкорлик ташкилотидаги иттифоқчиларидан олиши мумкинлигини жуда яхши англайди", деган Fergana.ru интернет-портали бош муҳаррири Даниил Кислов Би-би-си Рус хизмати билан суҳбатда.

Даниил Кислов фикрича, Медведевнинг ишчи ташрифи Россия Ўзбекистонни ташлаб қўймаслигини намойиш этиш мақсадидаги ташрифдир.

Россиялик журналистларнинг маълум қилишларича, Ўзбекистон томони Россия президентига Москвада аккредитациядан ўтган жаҳон ахборот агентликлари мухбирларининг ҳамроҳлик қилмасликларини сўраган, Дмитрий Медведев ташрифини ёритиш учун Россиядаги телеканалларнинг бир неча ходими Ўзбекистонга борган.

Тошкентдаги учрашувдан кейин Россия ва Ўзбекистон президентлари Қозоғистон пойтахти Остонага етиб борганлар.

15 июн куни Қозоғистон пойтахтида Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг саммити режаланган.