Каримов ва Медведев учрашувининг бош мавзуси 'Араб инқилоблари'ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Ria Novosti

Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга ишчи ташрифи бошланган.

Президент Дмитрий Медведев Тошкентга 13 июн куни тунда етиб борган.

Россиялик олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкент аэропортида учоқ зинапоясида кутиб олган.

Россия ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, икки мамлакат раҳбарлари ўзаро муносабатларнинг стратегик мазмунга эга экани, иқтисодий ва савдо алоқалари жаҳон иқтисодий инқирозига қарамасдан ривожланишда давом этаётганини қайд этганлар.

Ушбу ишчи ташрифнинг Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги "ўзаро ишонч ва очиқлик руҳидаги мулоқотларининг таркибий қисми" экани урғуланган.

Бироқ аксар кузатувчилар Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг 10 йиллиги саммити арфасида Россия президентининг Ўзбекистонга сафарини Араб мамлакатларида узоқ йиллар ҳукмронлик қилган раҳбарлар ўзгаришига олиб келган дунёдаги геосиёсий вазият билан боғламоқдалар.

"Ҳозир Каримов Ислом дунёсида юз берган инқилоблардан жиддий ташвишланган, унга дастаклов керак. Ва у бу дастакловни фақат Шанхай Ҳамкорлик ташкилотидаги иттифоқчиларидан олиши мумкинлигини жуда яхши англайди", дейди Fergana.ru интернет-портали бош муҳаррири Даниил Кислов Би-би-си Рус хизмати билан суҳбатда.

Даниил Кислов фикрича, Медведевнинг ишчи ташрифи Россия Ўзбекистонни ташлаб қўймаслигини намойиш этиш мақсадидаги ташрифдир.

Россиялик журналистларнинг маълум қилишларича, Ўзбекистон томони Россия президентига Москвада аккредитациядан ўтган жаҳон ахборот агентликлари мухбирларининг ҳамроҳлик қилмасликларини сўраган, Дмитрий Медведев ташрифини ёритиш учун Россиядаги телеканалларнинг бир неча ходими Ўзбекистонга борган.

15 июн куни Қозоғистон пойтахтида Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг саммити режаланган.

Россия раҳбарининг Ўзбекистонга ишчи ташрифидан сўнг Президент Дмитрий Медведев ва Президент Ислом Каримов Остонага йўл олишлари хабар қилинган.