Қозоғистон: қолган қочқинлар ҳам Ўзбекистонга топширилиши мумкин

Ўзбек қочқинлари
Image caption Ўзбекистонга экстрадиция қилинган қочқинлар яқинлари ҳамон Олма отада қолишмоқда

Ўзбекистонга экстрадиция қилинган бошпана изловчиларнинг Қозоғистонда қолган оилалари ҳам Ўзбекистонга чиқариб юборилиши мумкин.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари уларни рўйхатга қўймаслигини таъкидламоқда.

Бу эса исталган вақтда уларни Ўзбекистонга депортация қилинишини англатади.

БМТнинг қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги эса бирор амалий чора ва уларга ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам кўрсатмаяпти.

Ўзбекистонга экстрадиция қилинган бошпана изловчиларнинг аёллари кунларини юрак ҳовучлаб ўтказмоқда.

Ҳуқуқий жиҳатдан уларни Қозоғистонда ушлаб турадиган асос қолмаяпти.

Олма ота миграция полицияси ўзбекистонлик бошпана изловчиларни рўйхатга қўйишни чўзмасликларини очиқдан-очиқ айтган.

Миграция полицияси ходими билан гаплашган бошпана изловчи Умида Азимованинг айтишича, ушбу орган бошпана изловчиларни яқин ўртада депортация қилиб юбориши билан огоҳлантирган.

"Мен бошлиқлардан сўраб кўрдим. Ҳеч кимнинг регистрациясини чўзмас экан. Чиқиб кетинглар, Туркияга чиқиб кетинглар, бўлмасам, яқинда жуда катта рейд бўлади, бизлардан хафа бўлмаларинг, деб бизга таҳдид қилишмоқда. Мана ҳозир 5-6 аёл регистрациясиз юрибди. Нима қилишликни билмайди. Орқага қайтиб борайин деса, қўрқаяпти," дейди Умида Азимова.

Олма отада турмуш ўртоқлари Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 13 та аёл ва 50 дан ортиқ бола қолган.

Ўзбекистондан қидирувга берилмаган, аммо Қозоғистонда ҳам қочқинлик мақомини ололмаган яна 8-9 оиланинг борлиги айтилади.

Ушбу оилаларнинг ҳаммасига Қозоғистон миграция полицияси қочқинлик мақоми беришдан бош тортган.

Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эркакларнинг аёллари эса Қозоғистондан қочқинлик мақоми сўрашдан маъно йўқлигини айтишади.

"Ҳозир қочқинлик мақоми сўраб мурожаат қилсам, ҳамма маълумотларим Ўзбекистонга кетса, Ўзбекистон эса мени расман қидирувга бериб юборса, нима қиламан, деб қўрқаяпман," дейди Умида Азимова.

Азимованинг айтишича, турмуш ўртоқлари билан айнан шундай бўлган: улар Қозоғистондан бошпана сўраб мурожаат қилганидан 1-2 ой ўтиб, Ўзбекистон томонидан сўров келган.

Қочқинларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган юрист Денис Живага Қозоғистон ҳукумати бошпана изловчиларни исталган вақтда депортация қилиб юбориши мумкинлигини айтади.

Юристга кўра, БМТнинг қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги бошпана изловчилар тўғрисида қандай мавқеъда турганини маълум қилиши керак.

"БМТнинг қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги аёллар ва болаларга қандайдир ёрдам бера олиши ва уларни бошпана изловчи сифатида кўришини аниқ айтиши лозим. Агар ҳимоясидаги шахслар деб билса, ҳукумат билан уларнинг шу ерда бўлиб туриши ҳақида музокаралар олиб бориши керак. Акс ҳолда, мисол учун, уларни жума куни автобусга солиб, Ўзбекистонга бериб юборишлари ва биз, ҳеч нарса қила олмай, бу ҳақда душанба куни эшитишимиз мумкин, холос," - дейди Денис Живага.

Живага ўз ташкилоти номидан БМТнинг ушбу комиссарлигига вазиятга ойдинлик киритиб беришни сўраб мурожаат қилган.

Аммо шу вақтгача жавоб ола олмаган.