Қўшма Штатлар ҲРВнинг Тошкентдаги идораси ёпилганидан ташвиш билдирди

Лого

Америка Қўшма Штатлари Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасининг ёпилишидан ташвишда эканини айтган.

"Қўшма Штатлар Ўзбекистон Олий Судининг Тошкентдаги Ҳюман Райтс Вотч идорасини ёпиш борасидаги қароридан хавотирда", дейилади АҚШ Давлат Департаменти чиқарган баёнотда.

АҚШ Давлат Департаменти воизи муовини Марк Тонер Ҳюман Райтс Вотчга ўхшаш ноҳукумат ташкилотлари бутун дунё бўйлаб муҳим рол ўйнаб келганини қайд этаркан, бундан кейин ташкилотнинг Ўзбекистонда фаолият юритиш имкониятидан маҳрум этилганидан афсус билдиради.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Олий Маҳкамаси Ҳюман Райтс Вотч маҳаллий қонунларни доимий равишда бузиб келган, деган важ билан нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилоти идорасини ёпиш ҳақида қарор чиқарганди.

'Шикоятга ўрин йўқ'

Ўзбекистон Адлия вазирлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ушбу халқаро ташкилот устидан 2010 йил охирида Олий маҳкамага даъво аризаси берганди.

Ўзбекистон Олий Суди Адлия вазирлиги даъвосини май ойининг охирида кўриб чиқишга киришган ва 10 июн куни ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпиш ҳақидаги сўровни қондирган.

Олий маҳкама ҳукуми ортидан адвокат Сергей Майоров ўзларига маҳкама қарори устидан шикоят билан мурожаат қилиб ўтиришга эҳтиёж йўқлиги айтилганини билдирганди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг Тошкентдаги ваколатхонасини 1996 йилда очган, 2007 йилда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Human Rights Watch ташкилоти вакилига мамлакатда иш олиб бориш ҳуқуқини берадиган аккредитацияни бермаган эди.

2008 йил ёзида халқаро ташкилотнинг Тошкентдаги аккредитациясиз вакили Игор Воронцов Ўзбекистондан чиқариб юборилган.

Ўтган йили Human Rights Watchнинг Тошкентга юборилган вакили Стив Свердлоунинг икки ой мобайнида рухсатнома олишни кутиши ва мамлакатдан чиқиб кетишига тўғри келганди.

Ташкилотнинг Тошкентдаги идорасини ёпиш қарори кенг миқёсда қораланган.

Бу Human Rights Watch тарихида илк бор ҳукумат томонидан ташкилот ишчи идораси фаолиятини тўхтатишга мажбурлаш экани айтилган.

Ташкилот расмийларига кўра, Human Rights Watchнинг мамлакатдан қувиб солиниши Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари соҳасидаги танқидга тоқат қилмаслигини намойиш этган, аммо бу ташкилотнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолларини кузатишга қаратилган фаолиятига таъсир қилмайди.