Ўринбой Усмон:'Фақат болаларим бағрига қайтсам бўлди'

Image caption Ўринбой Усмон билан ўз яқинлари билан учрашувда барча айбловларни рад этган.

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг ўз оила аъзолари - рафиқаси, ўғли, синглиси ва акаси билан учрашишига рухсат берилган. Ярим соатчи давом этган учрашувда Хавфсизлик Қўмитаси вакиллари ҳозир бўлиб туришган.

Би-би-си журналисти Ўринбой Усмоннинг оила аъзолари унинг аҳволи тушкунлигини, руҳан эзилган алфозда эканлигини айтишмоқда. Аммо у ўзига қўйилган айбловларни кескин рад этган.

"Мен қурбон бўлдим, биринчи кун ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлдим" - деб айтган оила аъзолари билан илк учрашувда Уринбой Усмон - "Мен ҳозир фақат болаларим, оилам бағрига қайтишни истайман".

У кишини руҳан жуда синдиришган кўринади, аҳволлари тушкун, деб айтишди Би-би-си билан суҳбатда яқинлари.

Оила аъзолари сизни қийнашдими, деб савол беришаркан, журналист хонадаги Хавфсизлик Қўмитаси вакилига қараган ва "Йўқ, тегишмади", деб жавоб берган.

У ўзига қўйилган айбларни қатъиян рад этган ва Ҳизбут Таҳрирга мутлақо қаршилигини, унинг аъзолари, деб билинган инсонлар билан эса фақат журналист сифатида, хабар тайёрлаш учунгина гаплашганини маълум қилган.

Шунингдек, улар берган китобларни ўша заҳотиёқ ёқиб ташлаганини қайд этган.

Ўринбой Усмон Би-би-си тавфсияси билан Тожикистондаги Ҳизбут Таҳрир фаолиятига оид қатор радиохабарлар тайёрлаган, мақолалар ёзган. У сўнгги 10 йил давомида Би-би-сининг шимолий Тожикистондаги мухбири сифатида фаолият юритиб келади.

Хонада ҳозир бўлган хавфсизлик қўмитаси вакили ҳам Ўринбой Усмон ҳозирча фақат Ҳизбут Таҳрирда айбланиб, ҳибсга олинган уч кишининг кўрсатмаси билан ушланганини қайд этган.

Журналист 13 июн куни бедарак кетган ва эртаси куни бир неча нафар Хавфсизлик Қўмитаси вакиллари уни бирга олиб келиб, уйини тинтув қилишганди.

Шу пайтгача журналист билан фақат ҳукуматпараст матбуот вакиллари учрашишган. Кейироқ бир бора адвокати билан кўришишига рухсат берилганди. Оиласи билан эса илк бора учрашмоқда.

Яқинларига кўра, шу кунларда журналистни Хавфсизлик Қўмитаси ҳибсхонасидан, милициянинг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонаси - СИЗОга ўтказишлари мумкин.

Ҳозир Ўринбой Усмонни озод қилиш йўлида халқаро талаб ва чақириқлар кучаймоқда.

Яқинлари ва ҳамасблари журналистнинг соғлиғидан ҳам хавотирда. Унинг юраги хаста, қанд касаллиги билан оғрийди. Оиласи билан учрашувда эса боши оғриётганини ҳам қайд этган.

Қариндошларига кўра, ҳозирча валерианка ва оғриқни қолдирувчи дориларни киргизишган. Журналист қанд касалига ҳам чалинган.