Сўнгги янгиланиш 20 июн 2011 - 13:06 GMT

Лондонда ўтган намойишда Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон озод этилиши талаб қилинди

Лондондаги Тожикистон элчихонаси қаршисида ўтган норозилик намойишида йигирмага яқин киши Би-би-си Ўзбек хизматининг Сўғд вилоятидаги мухбири Ўринбой Усмоннинг зудлик билан хибсхонадан озод этилишини талаб қилишди.

Эллик тўққиз ёшли журналист Ўринбой Ўсмон суратларини кўтариб олган намойишчилар "Ўринбой Усмонни озод қилинг!", "Тожикистонда мустақил матбуотга ҳужум қилишни тўхтатинг!", "Эркин матбуотга ҳужумлар тўхтатилсин!" каби шиорларни айтиб қичқиришди.

Намойиш ташкилотчиларидан бири, мустақил журналист Шоҳида Тўлаганованинг айтишича, Ўринбой Усмон озод этилишини сўраб интернетда эълон қилинган петицияга 300дан ортиқ киши имзо чеккан.

Бироқ, петицияни қабул қилиб олиш учун намойишчилар қаршисига Тожикистон элчихонасидан ҳеч ким чиқмади.

Намойишчилар қаршисига тожик элчихонасидан бирон расмий чиққани йўқ

Ўринбой Усмоннинг Тожикистон хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинганига бир ҳафта бўлди.

Би-би-си ўз мухбирининг қўлга олинишини қоралаб ва унинг зудлик билан озод этилишини талаб қилиб ўзининг кескин баёнотларини чиқарган.

Қатор Ғарб мамлакатлари элчихоналари ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг худди шундай мазмундаги чиқишларига қарамай, тожикистонлик мулозимлар мухбирнинг ҳибсга олиниши ёки бугунги аҳволи ҳақида бирор бир муносабат билдиришмади.

Ўринбой Усмонга ўз ҳимоячиси ёки оиласи билан яккама-якка кўришишга изн берилмаяпти.

Ўринбой Усмон ноқонуний ташкилот фаолиятида қатнашишда, хусусан Ҳизбу Таҳрир диний ташкилотига алоқадорликда айбланади.

Бироқ, мухбир мазкур ташкилотнинг Тожикистондаги фаолияти ва унинг аъзоларининг хавфсизлик кучлари томонидан таъқиб қилинишини холисона ёритиб келган.

Ўринбой Усмон ўзига қўйилган айбловни рад этади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.