Алишер Усмонов "Арсенал" клубидаги ҳиссасини яна оширди

Image caption Америкалик тадбиркор Стэн Кронке "Арсенал" клубини буткул сотиб олиш ниятида

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Лондоннинг "Арсенал" футбол клубидаги ҳиссалари миқдорини яна кўпайтирган. Энди у 29% ҳиссага эга.

Апрел ойида россиялик тадбиркор Усмонов "Арсенал"нинг яна бир ҳиссадори, америкалик Стэн Кронкенинг 100% акцияларни сотиб олиш ҳаракатларига қарамай, ўз ҳиссасини сотиш нияти йўқлигини билдирганди.

"Red & White бугунда "Арсенал" клубининг 29% акциясига эга эканини эълон қилади", дейилади Усмонов бошқарувчи Red & White Holdings сармоя ширкатининг расмий баёнотида.

56 ёшли Усмонов - Тошкентлик собиқ прокурорнинг ўғли, Россиядаги МГИМО олийгоҳи битирувчиси, ва бугунда таниқли тадбиркор, металлургия ва матбуот ширкатлари ҳиссалари эгаси, филантроп ва санъат асарлари коллекционери.

Forbes журнали унинг бойлигини 1,6 миллиард долларга тенг дея баҳолаган.

У 2007 йилда "Арсенал" раисининг муовини Девид Диннинг 14 фоизлик ҳиссаларини 75 миллион фунтга сотиб олиб, клуб ҳиссадорига айланганди.

2009 йил декабрида эса у ўз ҳиссалари миқдорини 26%га оширган.

Америкалик рақиб

Image caption Алишер Усмонов "Арсенал"ни севишини ва ҳиссадор бўлиб қолишни исташини бир неча бор билдирган

Ҳозирда жаноб Кронке "Арсенал"нинг энг йирик акциялар пакетига эгалик қилади. Бу пакет 62,89% ҳиссани ташкил қилади.

У апрел ойида Денни Фишмандан 16,1% ва Леди Нина Брэйсуэлл-Смитдан 15,9% ҳиссаларни 234 миллион фунтга сотиб олганди.

29 фоизлик чизиқдан ўтгач, Кронке қолган барча акцияларни бозор нархида сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлди.

"Арсенал" клубининг умумий қиймати - 731 миллион фунт (таҳминан 1,2 миллиард доллар).

Аммо, Кронкенинг клубни сотиб олиши йўлидаги келишувларни ниҳоясига етказиши учун зарур бўлган акцияларнинг аксарияти Усмоновнинг қўлида.

Усмонов жаноблари, Кронкедан фарқли ўлароқ, клуб директорлари кенгаши таркибига кирмаса-да, ўз ҳиссаларидан ажралишни истамаяпти.