'Азимжон Асқаров ҳамон қамоқхона ертўласида қолаётганидан ғазабда'

Image caption Азимжон Асқаров Бозорқўрғондаги ҳужумлар ва кейинги рейдларни тасмага туширган фаоллардан эди

Қирғизистондаги қамоқхонада жалолободлик инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров билан учрашган Халқаро Амнистия вакили унинг аҳволи бироз тузук кўринганини билдирган.

Мейзи Вайхедингнинг айтишича, Азимжон Асқаров айби йўқлиги исботланиб, қамоқ жазоси бекор қилинишидан умидвор.

"Аммо ертўлада, танҳо сақланаётган Асқаров анча ғазабда ва халқаро ҳамжамиятнинг шунча ҳаракатларига қарамай, нега ҳамон ертўлада вақтимни ўтказаяпман" - деган фикрга келган дейди Мейзи Вайхединг Би-би-си билан суҳбатда.

Халқаро Амнистия вакилининг айтишича, Азимжон Асқаров ҳозир қамоқхонада керакли тиббий муолажаларни олмоқда ва расм чизиши учун унга қалам ҳамда қоғоз беришганини ҳам айтган.

Азимжон Асқаров ўтган июн зўравонлиги пайти Қирғиз тўдалари ҳужумларини тасвирга туширишга интилган эди. Аммо кейинчалик Қирғизистон расмийлари уни зўравонликка оид айбловлар билан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилишган.

Халқаро доирадаги чақириқлар ва талабларга қарамасдан, Қирғизистон расмийлари ҳамон унинг шикоят аризасини қайта кўриб чиқишни якунламаган.

"Асқаровнинг иши сиёсий тус олмоқда ва шу боис нима бўлишини айтиш қийин" - дейди Мейзи Вайхединг - "Унинг иши орқага сурилиб кетавериши мумкин. Чунки июн зўравонлиги билан боғлиқ биронта иш бўйича чиқарилган ҳукм ҳали бекор қилинмаган".

Азимжон Асқаров Бозорқўрғонда қирғиз миллатига мансуб милиция ходими ўлдирилишига оид иш бўйича қамоққа олинган. Ҳозирда марҳумнинг яқинлари "агар Азимжон Асқаров озод этилса, дарҳол норозилик намойиши бошлаш" ҳақида огоҳлантирганлар.

"Улар Асқаров ўлим жазосига ҳукм этилишин исташмоқда. Бу интилишларни қўллаб-қувватлаётган кучлар ҳам бор"- дейди Мейзи Вайхединг.

Халқаро Амнистия вакилига кўра, жанубий Қирғизистондаги маҳаллаларда ҳанўз вазият таранг. Одамлар кичиккина бир иш ортидан ҳам зўравонлик бошланиб кетмасмикан, деган қўрқувдалар.

Бироқ инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, Азимжон Асқаровнинг айби исботланмаган ва у фақатгина инсон ҳуқуқларига оид фаолияти туфайли жазоланмоқда.

Азимжон Асқаров доимо ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келади.