Би-би-си Жаҳон Хизмати раҳбари: "Биз Ўринбой Усмонни ташлаб қўймаймиз"

Лондонда Би-би-си журналистлари ҳибсдаги тожикистонлик ҳамкасбларини озод этиш талаби билан намойиш ўтказдилар.

Ўринбой Усмон Би-би-си Форс Хизмати хабарларида

Ўринбой Усмон Би-би-си Рус Хизмати хабарларида

Ўринбой Усмон Би-би-си Қирғиз Хизмати хабарларида

Намойишда иштирок этган Би-Би-Си Жаҳон Хизматининг бошлиғи Питер Ҳоррокс Би-би-си ўзининг Тожикистондаги мухбирини "ташлаб қўймаслигини" айтди.

"Биз Ўринбой Усмонни ташлаб қўймаймиз. Барча ҳукуматларни Тожикистон ҳукуматига имкон қадар босим ўтказишга чақирамиз,” - деди Питер Ҳорокс.

Би-би-си Жаҳон Хизмати бош қароргоҳи Буш Хаусда ўтказилган норозилик намойиши ҳақидаги фотолавҳа

Би-би-си журналистларининг ўз ҳамкасбларини дастаклаб уюштирган норозилик тадбири ҳақидаги видеолавҳа

Ўн кундан буён Хўжанд Миллий Хавфсизлик Хизмати ҳибсхонасида сақланаётган Ўринбой Усмон бугун Ички ишлар Вақтинчалик Сақлаш Изоляторига ўтказилган.

Шу ҳафта унга нисбатан экстремист ташкилотга алоқадорлик айблови қўйилди.

Би-би-си жаноб Усмоновнинг фаолияти таъқиқланган Ҳизб ут-Таҳрир фирқасига аъзо экани ҳақидаги даъволар мутлақо асоссизлигини айтади.

Ҳибсга олинишидан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб Ўринбой Усмонга илк бор ўз оила аъзолари билан ярим соатга учрашишга рухсат берилди.

Жаноб Усмоновнинг аёли Малоҳат Абдуазимова Би-би-сига ўз турмуш ўртоғини кўрган пайти ҳайратга тушганини айтди.

"Мен уни зўрға танидим, " - деди у. - "Қандайдир сўлиб, қуриб қолганлар. Ранглари оқариб кетган.... Қўл чўза олмайдилар. Акалари билан зўрға сўрашдилар."

Малоҳат Абдуазимова қанд ва юрак хасталиги билан оғриган Ўринбой Усмоннинг аҳволидан ниҳоятда ташвишда эканини айтади.

Ҳибсда экан хавфсизлик хизматлари икки маҳаллий журналистга Ўринбой Усмон билан учрашишга изн берганлар.

Ўз мақоласида мазкур журналистлардан бири жаноб Усмоновнинг Ҳизб ут-Таҳрир гуруҳига алоқадорлиги ҳақидаги расмий даъволарни такрорлаган.

Би-би-си баёнот чиқариб, мазкур мақолани тергов тартиб-қоидалари ва айбсизлик презумпциясининг жиддий бузилиши дея қоралади.

Би-би-си шунингдек турли қарашдаги инсонлар билан суҳбатлашиш ва барча манбаларни махфий тутиш ҳақидаги журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқди.

Жаноб Усмонов Ҳизб ут-Таҳрир аъзолари билан ўз касбий фаолияти доирасида учрашгани ва Марказий Осиёда фаол бўлган ушбу фирқа ҳақида хабарлар тарқатганини айтган.

Матбуот озодлигини тарғиб этувчи халқаро ташкилотлар Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинишини кескин қоралаганлар.

Уларга кўра, журналистнинг ҳибсга олиниши қалтис сиёсий ва диний мавзуларни ёритишни сензура қилишга қаратилган уринишдир.

Ўринбой Усмонов 13 июн куни ҳибсга олинганди.

Яқинларига кўра, уйи тинтув қилинар экан, улар Ўринбой Усмон юзида қийноқ изларини кўрганлар.

Британия ва Америка ҳукуматлари ҳамда Оврўпо Иттифоқи Душанбе расмийларидан Ўринбой Усмон ишига ойдинлик киритишни талаб қилганлар.

Би-би-си жаноб Усмоновни дарҳол озод этиш ҳақидаги чақириқларини давом эттирмоқда.