Ўзбекистонда 'ваҳобийлик'да айбланган 12 киши устидан ҳукм ўқилди

Тошкент шаҳар маҳкамаси "Ваҳобийлик" оқимига алоқадорликда айбланган 12 киши устидан ҳукм эълон қилган.

19 май куни бўлиб ўтган маҳакама жараёнида 5 киши Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-2 моддаси бўйича (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) айбдор деб топилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Қолган 7 судланувчига 216 модда бўйича (Ноқонуний жамоат бирлашмаси ёки диний ташкилот тузиш) ҳукм чиқарилган. Уларга 3 йиллик шартли жазолар берилган.

Судланувчилар Тошкент ва Тошкент вилоятидан эканлари айтилади. Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовга кўра, улар 2011 йилнинг январ ойи охири ва феврал бошларида қўлга олинган ва аввалига 15 кунга қамалган.

Ҳуқуқ фаолининг даъво қилишича, маҳкама жараёнида қатор қонунбузарликлар кузатилган ва судланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилган.

"Мана шу 15 кунга қамалишининг ўзи қонунга хилоф равишда бўлган, яъни улар бунга арзигулик ҳеч қанақа жиноят содир қилишмаган. Кейин улардан 7 нафари қўйиб юборилган, қолган 5 киши яна қамоқда қолган. Бироқ, уларнинг ҳаммасига нисбатан жиноий иш очилган", дейди Сурат Икромов.

'Сохта айбловлар'

Сурат Икромовга кўра, судланганларнинг ҳаммалари Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаб келишган ва тадбиркорлик билан шуғулланганлар.

"Улар вақти-вақти билан биргаликда гап ўйнаб, бир-бирлариникига бориб туришган. Улар намозхон бўлганлиги учун мана шунақа сохта айбловлар қўйилган", дейди у.

Сурат Икромов маҳкумлар яқинлари билан учрашгани ва улар қўйилган айбловларга иқрорлар қийноқлар натижасида олингани ҳақида гапиришганини айтади.

"Тергов жараёнида, айниқса, мана шу бештаси қийноқларга учратилган. Мана шу суд жараёнида уларнинг айблари тасдиғини топмади", дейди ҳуқуқ фаоли.

Ўзбекистонда диний оқимларга алоқадорлиги даъво қилинган кишилар устидан маҳкама жараёнлари илк бор кузатилаётгани йўқ. Яқинда Қашқадарё вилоятида "Жиҳодчилар" диний гуруҳига мансубликда айбланган 13 киши узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилганди.

Жорий ой Наманганда 7 киши ҳам "жиҳодчи"ликда айбланиб, 5 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари аксар ҳолларда аксар ҳолларда бундай айбловлар исботини топмаслиги ва айбланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланишини иддао қилишади.