Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

ЎзТВнинг собиқ икки журналисти маъмурий жазога тортилди

Ўзбекистон Президенти Девони ўнгида норозилик намойиши ўтказишга уринган давлат телевиденисининг собиқ икки журналисти фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилиб, маъмурий жазога тортилган.

Бу ҳодиса Ўзбекистонда журналистлар куни нишонланаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Амоновалар Президент Ислом Каримовдан телевидениедаги "коррупция, маҳаллийчилик ва цензурага эътибор каратишни" сўраганлар.

"Ёшлар" телеканалининг журналистлари ўтган йил декабрида Тошкентдаги Мустақиллик майдонида норозилик чиқиши ўтказишлари ортидан ишдан ҳайдалган.

Президент билан учрашувни талаб қилаётган журналистлар сўнгги чора сифатида бугун эрталаб очлик эълон қилишган.

Икки журналист тарқатган пресс-релизда Ўзбекистон телевидениесида "содир бўлаётган маҳаллийчилик, ижтимоий тенгсизлик, гуруҳбозлик, иқтисодий ўғирликларга қарши" чиққанликлари ва "мавжуд муаммолар хусусида" ҳукуматнинг барча идораларига мурожаат қилишганликлари таъкидланган.

"Биз мавжуд муаммоларни Президент Ислом Абдуғаниевич қабулига кириб, шахсан у кишига етказишни, ЎзМТРК, хусусан, "Ёшлар" телерадиоканали тизимида адолатли текширув ўтказилишини ва қонунбузарлар қонун олдида жавоб беришини талаб қилаймиз," дейилади пресс-релизда.

Би-би-си Яккасарой туман Ички ишлар бўлимида ушлаб турилган журналистлар билан боғланиб, уларга қўйилаётган маъмурий айблов тафсилотини сўради.