ЎзТВ собиқ журналистлари норозилик намойиши ўтказишга уриндилар

Саодат Амонова ва Малоҳат Эшонқулова
Image caption Содат Амонова ва Малоҳат Эшонқулова Ўзбекистон телевидениесида маҳаллийчилик ва коррупция кенг тарқалганидан шикоят қилиб келишади

Ўзбекистонда матбуот куни нишонланар экан мамлакат президенти девони ўнгида норозилик намойиши ўтказишга уринган ЎзТВнинг икки собиқ журналистлари - Саодат Амонова ва Малоҳат Эшонқулова - хавфсизлик ходимлари томонидан Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Ички Ишлар Бўлимига олиб кетилган.

У ердан Би-би-си билан суҳбатлашган журналистлардан бири - Саодат Амонова улар Яккасарой Туман ИИБ бўлимига келтирилганликлари ва ҳозирда (Тошкент вақти билан соат 12:45) "тушунтириш хати" ёзаётганликларини айтди.

"Нима сабабдан шу ишга қўл урганимиз, шундай қилишга мажбур бўлганимизни тушунтириб, ҳаммасини батафсил ёзинглар, деяптилар," деди Саодат Амонова.

Саодат Амонова Ички Ишлар Бўлимига келтириш чоғида уларга нисбатан куч ишлатилмаганини айтди.

Бир неча кун муқаддам Ўзбекистон телевидениесининг икки собиқ журналистлари ўзларига нисбатан бўлаётган тазйиқ ва таҳдидлардан шикоят этиб, Президент Девони биноси ўнгида очлик амалига қўл уришларини билдирган эдилар.

Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Амоновалар Президент Ислом Каримовдан "телевидениедаги ноҳақликлар, цензура, коррупция ва маҳаллийчиликка эътибор қаратишни" сўрашмоқда.

Икки журналист тарқатган пресс-релизда Ўзбекистон телевидениесида "содир бўлаётган маҳаллийчилик, ижтимоий тенгсизлик, гуруҳбозлик, иқтисодий ўғирликларга қарши" чиққанликлари ва "мавжуд муаммолар хусусида" ҳукуматнинг барча идораларига мурожаат қилишганликлари таъкидланган.

"Биз мавжуд муаммоларни Президент Ислом Абдуғаниевич қабулига кириб, шахсан у кишига етказишни, ЎзМТРК, хусусан, "Ёшлар" телерадиоканали тизимида адолатли текширув ўтказилишини ва қонунбузарлар қонун олдида жавоб беришини талаб қилаймиз," дейилади пресс-релизда.

Ҳар икки жуналист ўтган йил декабрида Тошкентдаги Мустақиллик майдонида норозилик чиқиши ўтказишлари ортидан ишдан ҳайдалган.

Журналистлар ноқонуний пикет уюштириш, Ўзбекистон телевидениеси раҳбариятига туҳмат қилиш ва ва ўзлари ишлаётган ташкилот номига доғ тушириш, шу билан бирга меҳнат интизомини бузганликда айбланишганди.

"Бу найрангдан бошқа нарса эмас, бунга ҳеч бир асос йўқ. Ишдан бўшатишларининг туб моҳияти...уларнинг истеъфосини сўраб, Мустақиллик майдонида норозилик намойиши ўтказишимиз бош сабаб бўлган холос", деб айтган эди Малоҳат Эшонқулова.

Маҳкама телевидениенинг уларни ишдан ҳайдаш ҳақидаги қарорини "асосли," деб топган.

Ҳозирда аппеляция маҳкамасини кутаётган журналистлар, сўнгги чора сифатида, матбуот ходимлари куни очлик эълон қилиш ниятида эканликларини билдирган эдилар.

Яккасарой Ички Ишлар биносидан туриб Би-би-си билан суҳбатлашган Саодат Амонова президент девони ўнгида "Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов, бизни қабул қилинг, бўлмаса биз очлик эълон қиламиз!" деб ёзилган плакатни "бир дақиқача" ушлаб турганликларини билдирди.

Сўнгра, унинг айтишича, хавфсизлик ходимлари уларни "машинага таклиф қилиб" Яккасарой Ички Ишлар Бўлимига олиб келганлар.