Президент Каримов интернетни чекламасликка ваъда берди

Ислом Каримов
Image caption Ислом Каримов, халқаро ташкилотларга кўра, эркин матбуотнинг ашаддий душманларидан бири ҳисобланади.

Журналистларга табригида ахборот оламида "девор ўрнатмоқчи" эмасликларини айтган Президент Каримов айни пайтда интернетнинг зарарли таъсирлари ҳақида огоҳлантирган.

Президент шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимларининг маошлари оширилиши ва матбуот тузилмаларига солиқ имтиёзлари берилишини маълум қилган.

Жаноб Каримовнинг таъкидлашича, бу матбуот мустақиллигини амалда таъминлашга ёрдам беради.

Президент матбуотдаги ўз-ўзини цензура қилиш холларини ҳам танқид қилган.

"Бугунги кунда ахборот оламида интернет даври келгани, интернет-телевидение, интренет-радио, электрон почта, онлайн-видео каби кўплаб янги ахборот тарқатиш технологиялари қандай тез суръатлар билан ривожланиб, уларнинг аудиторияси ва таъсир доираси кенгайиб бораётгани ҳақида ортиқча гапиришга зарурат йўқ," - деб айтган Президент Каримов.

Унинг сўзларига кўра, "ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиш, ўз қобиғига ўралиб, маҳдудликка юз тутиш йўли асло маъқул эмас."

Шу билан бирга "ён-атрофда, узоқ минтақларда юз бераётган воқеалар"ни хотирлатган жаноб Каримовга кўра, интернетнинг зарарли таъсирларига қарши туришнинг энг яхши йўли "ёшларни мустақил, оқ билан қорани ажратадиган қилиб тарбиялашдир".

"Суянч ва таянч"

Президент Каримов журналистларни ўзининг "суянчи ва таянчи" деб атаган.

Халқаро матбуот ташкилотлари Ўзбекистонни матбуот эркинлигининг аҳволи "энг ёмон" бўлган давлатлар қаторига киритишади.

Президент Ислом Каримов Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг 2011 йилдаги 38 нафар "Интернет душманлари" рўйхатидан ўрин олган.

Ташкилот 10 га яқин журналистларнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётганини айтган.

Журналистларнинг касб байрами нишонланаётган бир кунда Тошкентдаги маҳкама Президент девони ўнгида норозилик намойиши ўтказишга уринган икки журналистни катта миқдордаги жаримага маҳкум этган.

Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Амоновалар Президентга мурожаат қилиб, давлат телевидениесидаги цензура, маҳаллийчилик ва коррупцияга эътибор қаратишни сўрашган.

Душанба куни улар охирги чора сифатида очлик эълон қилганликларини билдиришган.