Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўзбекистонда интернетга 'девор' қўйиш давом этаверади'

Image caption Қудрат Бобожон Uznews.net Интернет нашри ўзбек саҳифасининг муҳаррири

Журналистларга табригида ахборот оламида "девор ўрнатмоқчи" эмасликларини айтган Президент Каримов айни пайтда интернетнинг зарарли таъсирлари ҳақида огоҳлантирган.

Президент шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимларининг маошлари оширилиши ва матбуот тузилмаларига солиқ имтиёзлари берилишини маълум қилган.

Жаноб Каримовнинг таъкидлашича, бу матбуот мустақиллигини амалда таъминлашга ёрдам беради.

Президент матбуотдаги ўз-ўзини цензура қилиш холларини ҳам танқид қилган.

"Бугунги кунда ахборот оламида интернет даври келгани, интернет-телевидение, интренет-радио, электрон почта, онлайн-видео каби кўплаб янги ахборот тарқатиш технологиялари қандай тез суръатлар билан ривожланиб, уларнинг аудиторияси ва таъсир доираси кенгайиб бораётгани ҳақида ортиқча гапиришга зарурат йўқ," - деб айтган Президент Каримов.

Лекин, амалда Ўзбекистонда таъқиқланган Интернет саҳифалари талайгина.

Ана шундай Ўзбекистонда тақиқланган интернет саҳифаларидан бири муҳаррири ва мустақил журналист Қудрат Бобожонга кўра, бундай гапларга қарамай, интернетга тўсиқлар ўрнатиш давом этаверади.

"Бу мавжуд тузумнинг иккиюзламачилигини англатади. Яъни, бир нарса айтилади одатда, Ўзбекистон демократик давлат дейиши мумкин. "Девор"лар қўйилмаяпти, "деворлар қўйиш маънисизлик", дейилади-ю, бу нарса давом этади", дейди у.

Халқаро матбуот ташкилотлари Ўзбекистонни матбуот эркинлигининг аҳволи "энг ёмон" бўлган давлатлар қаторига киритишади.

Президент Ислом Каримов Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг 2011 йилдаги 38 нафар "Интернет душманлари" рўйхатидан ўрин олган.