Очлик эълон қилган журналистларнинг соғлиги ёмонлашган

Image caption Журналистлар ҳолдан тойганликларига қарамай, очликни давом эттиришларини айтишмоқда

27 июндан буён очлик қилаётган Ўзбекистон телевидениеси собиқ журналистлари Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Амоноваларнинг соғлиги ёмонлашган.

Чоршанба куни икки марта тез тиббий ёрдам чақиришга мажбур бўлган журналистларнинг сўзларига кўра, уларнинг қон босими ва юрак уришларини текширган шифокор аҳвол "ниҳоятда жиддий" эканини айтган.

Аммо шифокорнинг қатъий тавсиясига қарамай, шифохонага боришдан бош тортган журналистлар "Шифокорларга даъвойим йўқ” деган мазмунда тилхат ёзиб берганликларини айтишмоқда.

Ўзларининг сўзларига кўра, журналистлар ҳолдан тойишган ва бетоб, аммо шунга қарамай, очликни тўхтатмоқчи эмаслар.

Пайшанба 30 июн куни ҳам Саодат Амоновани тез ёрдам машинасида касалхонага олиб боришган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Сўнгги чора'

Ўзбекистон телевидениесидаги цензура, коррупция ва маҳаллийчиликдан шикоят қилаётган журналистлар телевидение раҳбариятини маҳкамага тортиш уринишлари натижа бермаганидан сўнг 27 июн - Матбуот ходимлари куни Президент девони ўнгида норозилик намойиши ўтказишга уринганлар.

"Муҳтарам Президент Каримов! Бизни қабул қилинг" деган плакат кўтариб турган журналистлар фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан милиция идорасига олиб кетилган.

Кейинроқ маҳкама уларни "намойишлар ўтказиш тартибини бузганлик" айби билан 2 миллион 900 минг сўм миқдорида жаримага тортган.

Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Тошкент маҳкамасининг қарорини қоралаган.

Ташкилотга кўра, Амонова ҳамда Эшонқуловага қилинган муносабат давлат матбуотида фаолият олиб борувчи бошқа журналистларни қўрқитиб қўйиш учун қилингани аниқ.

"Ўзбек ҳукумати очиқ гапирадиган журналистларни овозини ўчириш учун қамоқ жазолари ва номақбул муносабатни қўллайди. Ўзбекистонда ҳозирда камида 11 матбуот ходими ҳибсда қолмоқда", деб айтган "Чегара билмас мухбирлар" ўз баёнотида.

Қўрқув

Ўзбекистон расмийлари журналистларнинг очлик амалига ҳеч қандай муносабат билдиришмаган.

"Назаримизда, улар икки аёлнинг очлик эълон қилишини ножиддий қабул қилишмоқда", дейилади журналистлар тарқатган пресс-релизда.

Ўзбекистон телевидениеси раҳбарияти собиқ ходимларининг цензура, маҳаллийчилик ва коррупция ҳақидаги даъволарини рад этади.

Аммо чоршанба куни Би-би-сига гапирган Ўзбекистон радиосининг сиёсий шарҳловчиси Нарзулла Охунжонов Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Амоноваларнинг даъволари асоссиз эмаслигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, давлат телевидениесидаги аҳволдан кўпчилик журналистлар норози, аммо улар бу ҳақда очиқ гапиришдан қўрқишади.

"Биз ташқи мафкуравий таҳдидлар ҳақида кўп гапирамиз. Аммо ички жимжитлик, сукунатга ўхшаб намоён бўлаётган ҳолат ташқи таҳдидлардан кўра ҳам хавфлироқ", дейди Ўзбекистон радиосининг сиёсий шарҳловчиси.

У Президент Каримовнинг атрофидагилар уни ихоталаб қўйгани ва шунинг учун журналистларнинг мурожаатлари унга етиб бормаётганини айтади.

Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Амоновалар президентга қилган 50 дан ортиқ мурожаатлари жавобсиз қолиши ортидан мамлакат раҳбарининг эътиборини қаратиш учун сўнгги чора сифатида очлик эълон қилганликларини айтишган.

.