Париж маҳкамаси Лола Каримова-Тиллаева даъвосини қондирмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Париж маҳкамаси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Франциядаги Rue89 веб-сайтига қарши даъвосини қондирмаган.

Rue89 мухбири Агустин Скалбертнинг айтишича, маҳкаманинг қарори Интернет нашр адвокатига топширилган, унда даъво аризаси рад этилгани маълум қилинган.

"Биз бу ишда ғалаба қилдик. Маҳкама бизнинг мақоламизни тўғри ва ҳаққоний деб топди", деди Агустин Скалберт.

Франциядаги машҳур веб-сайт 2010 йил майида Лола Каримова-Тиллаева ҳақида мақола эълон қилган, мақолада хайрия кечасида қатнашиши учун машҳур актрисага пул берилгани ёзилган, Лола Каримова-Тиллаева "диктаторнинг қизи" деб аталган.

Даъво томонига кўра, Rue89 Интернет саҳифасининг мақоласида бўҳтон ва ҳақоратли ахборот тарқатилган.

Лола Каримова-Тиллаева машҳур актрисага пул берганини рад этган ва "диктаторнинг қизи" иборасини ҳақоратли деб топган.

Маҳкама иши шу йилнинг 19 майида Париждаги Адолат маҳкамасида бўлиб ўтди.

Ҳимоя томони бу маҳкама жараёнида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг диктаторлигини исботлашга ҳаракат қилишини айтган, бу мақсадда маҳкамага гувоҳлик бериши учун ўзбекистонлик икки таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячисини чақирган.

Маҳкамада "Ўтюраклар клуби" ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева, "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ассоциацияси раҳбари Надежда Отаева қатнашганлар.

Мўътабар Тожибоева ўзининг Ўзбекистон қамоқхонасида қийноққа тутилгани ҳақида, Надежда Отаева Ўзбекистон президентининг қизлари фаолияти ҳақида ҳакамлар ҳайъатига кўрсатма берганларини маълум қилганлар.

Француз журналисти Анаэл Верзо хайрия кечасидаги иштироки учун машҳур актрисага йирик миқдорда пул тўланганини исботловчи далилни маҳкамага тақдим этган.

Маҳкама қарори Лола Каримова-Тиллаева диктаторнинг қизи, деган маънони англатадими, деган саволга Агустин Скалберт, ҳа, дея жавоб беради.

"Маҳкама биз томондан тақдим этилган гувоҳликларни қабул қилиб, Каримов режими остидаги Ўзбекистон ҳақиқий диктаторлик, деган қарорга келди. Шундай экан, маҳкама қарорига мувофиқ, биз Лола Каримова-Тиллаева диктаторнинг қизи, деб ёзишимиз мумкин", деди Агустин Скалберт.