Очлик эълон қилган журналистлар: афтидан бизни руҳий беморга чиқаришмоқчи

Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг беш кундан буён очлик эълон қилган собиқ журналистлари Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Амонова саломатликлари ёмонлашган.

Ўзларини ёмон ҳис қилган журналистларни кўриш учун келган "Тез тиббий ёрдам" шифокори Малоҳат Эшонқуловага невроз ташхисини қўйиб кетган.

Икки журналист бундан "бизни руҳий бемор деб эълон қилмоқчилар", деган хулосага келганлар.

Саодат Амонова ва Малоҳат Эшонқулованинг Би-би-сига айтишларича, 30 июн тунги соат 8 лардан кейин шифокорга мурожаат қилишга мажбур бўлганлар.

"Шифокорга юрагим тез ураётганини айтдим", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Малоҳат Эшонқулованинг уйига келган "Тез тиббий ёрдам" шифокори Малоҳат Эшонқулованинг қон босими кўтарилиб кетганини ва укол қилиш кераклигини айтган.

Уколдан кейин "юзим ва оғзимдан олов чиқиб кетгандек бўлди ва мен укол яна реакция берган бўлса керак деб ўйлаб, уни тўхтатишни талаб қилдим", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Шундан кейин журналистнинг аҳволи янада ёмонлашган ва шифокордан ўзининг ташрифи ҳақидаги қайд ҳужжатини қолдириб кетишни сўраган.

"Аҳволим ёмон бўлгани учун чақирув қоғозига доктор нима деб ёзиб кетганини ўқиганим йўқ. Орадан бир неча соат ўтганидан кейин ўқиб кўрсам "невроз" деб ёзиб кетипти", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Журналистларнинг айтишларича, очлик эълон қилганларидан буён кўп марталаб шифокор чақиришга мажбур бўлмоқдалар ва бундай ёлғон ташхис қўйилганидан шифокорларга ҳам босим бўлаётган бўлиши мумкин, деган хулосага келганлар.

Тўрт марта "невроз ташхиси қўйилиши оқибати

"Шифокорлардан бирининг айтишича, агар уйига "Тез тиббий ёрдам" чақирилган мижозга уч марта "невроз" ташхиси қўйилса, тўртинчи марта келган шифокор участка милиция нозирини чақириб, бу беморни ғайриихтиёрий равишда руҳий шифохонага ётқизиш ҳуқуқига эга. Ўйлаймизки, бизни руҳий касалхонага ётқизишга тайёргарлик кўрмоқдалар", деб айтишди журналистлар.

27 июн куни - Ўзбекистондаги омммавий ахборот воситалари ходимлари кунида Саодат Амонова ҳамда Малоҳат Эшонқулова ўзларига нисбатан бўлаётган тазйиқ ва таҳдидлардан шикоят этиб, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга мурожаат этишган, "телевидениедаги ноҳақликлар, цензура, коррупция ва маҳаллийчиликка эътибор қаратишни" сўрашганди.

Тошкентдаги президент девони олдида норозилик тадбири уюштиришга уринган журналистлар милиция бўлимига олиб кетилиб, тушунтириш хатлари ёзиш сўралган эди.

Шундан кейин Ўзбекистон телевидениесининг икки журналисти очлик эълон қилганлар.

Ўзбекистон президенти девони қаршисида норозилик амалиётини уюштиргани учун Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Амоновани "намойиш ўтказиш тартибини бузганлик"да айблаб, қарийб 3 миллион сўмлик жаримага тортишди.

Халқаро "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ўзбекистонлик журналистлар жаримага тортилгани қарорини қоралаб чиқди.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, Амонова ҳамда Эшонқуловага бундай муносабат давлат матбуотида фаолият юритадиган бошқа журналистларни қўрқитиб қўйиш қилинган.

"Ўзбек ҳукумати очиқ гапирадиган журналистларни овозини ўчириш учун қамоқ жазолари ва номақбул муносабатни қўллайди. Ўзбекистонда ҳозирда камида 11 матбуот ходими ҳибсда қолмоқда", деб айтган "Чегара билмас мухбирлар" ўз баёнотида.

Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Амонова очлик амалиётининг бешинчи кунида ҳам Ўзбекистон расмийлари ҳеч қандай муносабат билдиришмаган.