Жаҳон чемпионати: Мексикалик Кристофер нега Ўзбекистонни қўллашга қарор қилди?

Мексикада бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ўсмир футболчиларнинг маҳорати қанчалик шов-шувга сабаб бўлаётган бўлса, маҳаллий футбол ишқибозларининг меҳрларини нечоғлик қозонганликлари яна бир қизғин суҳбатнинг мавзусига айланиб бормоқда.

Мексика стадионларида бошларида ўзбекча дўппи, устларида "Ўзбекистон" ёзиғлиқ майка, қўлларида Ўзбекистон байроқларини ушлаб олган ишқибозларни кўрсангиз, уларни яна ўзбекистонлик, деб адаштириб юрманг.

Чорак финалга келиб, сони юздан ортиб кетган мексикалик "ўзбек" ишқибозлари Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоасига бириктириб қўйилган торреонлик Кристофер Поллетнинг дўстлари.

Мексикада Ўзбекистон элчихонасининг йўқлиги ва унинг жуғрофий жиҳатдан қанчалик олисда экани ўзбекистонлик ишқибозларнинг йўлларига тўғаноқ бўлиб турган бир пайтда, бугун уларнинг ўрнини заррача билинтирмай турганлар ана шу торреонликлар бўлишади.

Жаҳон чемпионатида мезбон Мексика миллий терма жамоасининг ўзи ҳам иштирок этиб турганига қарамай, уларнинг сони яна учрашув сайин кўпайиб бораётгани эса, сизу бизга ўхшаш футбол ишқибозларини ҳайрон қолдирмай қўймайди, албатта.

Кристофер 22 ёшда. Торреондаги коллежларнинг бирида Маркетинг бўйича сабоқ олади. Инглиз, француз ва испан тилларида бемалол гаплаша олади. Футбол жону дили. Яна китоб ўқиш ва мусиқа тинглашни ёқтиради.

Мексикалик ишқибозларнинг бунчалар бағрикенгликлари ва ҳайратларга лойиқ ушбу воқеиликка ойдинлик киритиш учун мен Мексиканинг Торреон шаҳридан Кристофер Поллетнинг ўзи билан боғландим.

Мен Кристофердан энг аввало нега бошқа миллий терма жамоалар қолиб, айнан ўзбекистонлик футболчиларни қўллаб-қувватлашга қарор қилганликларини сўрадим:

Кристофер Поллет: Мен ва дўстларим “Д” гуруҳига тушган АҚШ ва Чехиянинг номи Жаҳон футбол оламида яхши таниш, уларга яна нима керак, биз Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлаймиз, дедик. Шунинг учун ҳам биз Жаҳон чемпионати якунига қадар ўзбекистонлик футболчилар билан бирга бўлиш, уларга ишқибозлик қилишга қарор қилдик.

Би-би-си: Яхши, энди, Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоасини дастаклашга қарор қилган сизга ўхшаган мексикаликларнинг сони қанчага етади?

Кристофер Поллет: Бошида йигирматача одам эдик. Ҳозир эса, бизнинг сонимиз 150 дан ортади.

Би-би-си: Демак, ўзбекистонлик футболчиларни қўллаб-қувватлаш ғояси фақат ўзларингдан чиққан, ҳеч кимнинг таклифи бўлмаган?

Кристофер Поллет: Йўқ, йўқ, йўқ. Бу – мутлақ ўзимизнинг ташаббусимиз бўлган. Ҳозир эса, сафларимиз янада кенгайиб бормоқда. Мен бунинг учун маҳаллий ишқибозлардан ниҳоятда миннатдорман. Ўзбекистон шу якшанба куни Монтеррейда Уругвайга қарши майдонга тушади. Биз ҳаммамиз, дўстларимиз билан бирга ўзбекистонлик футболчиларни дастаклаш учун у ерга бормоқчимиз.

Би-би-си: Ўзбекистонлик футболчиларга ишқибозлик қилиш қарорига келмасингиздан бурун Ўзбекистон ҳақида сизга нималар маълум эди?

Кристофер Поллет: Ўзбекистон Мексикадан жуда олисда жойлашгани учун, сизнинг мамлакатингиз ҳақида менда деярли маълумот бўлмаган. Лекин ҳозир ўзбекистонлик футболчилар билан дўстлашиб кетганман. Улар менга Ўзбекистон ҳақида жуда кўп нарсаларни гапириб беришди. Бунинг ортидан, ўзим ҳам интернет орқали Ўзбекистон ҳақида анча маълумот олдим.

Би-би-си: Кристофер, сизга Ўзбекистоннинг энг кўп нимаси ёқди?

Кристофер Поллет: Энг аввало одамлари. Яна менга шуниси маълумки, Ўзбекистоннинг об-ҳавоси ҳам бизникига ўхшаш. Лекин одамлари барибир ўзига хос, самимий ва дўстона. Ўзбек таомларига келсак, ҳалича уларни менда татиб кўриш имконияти бўлмади.

Би-би-си: Кристофер, агар сир бўлмаса, ўзбекистонлик футболчиларнинг қай бирлари билан дўстлашдингиз?

Кристофер Поллет: Тимур Ҳакимов ва Аббосбек Махсталиев билан.

Би-би-си: Улар билан бирга суратга ҳам тушгандирсиз?

Кристофер Поллет: Ҳа, ҳа, ҳа. Улар билан бирга суратга ҳам тушдим.

Би-би-си: Агар Мексикадаги ўйинларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, сизга Ўзбек футболининг нимаси ёқди?

Кристофер Поллет: Менимча, ўзбекистонлик футболчилар ниҳоятда довюраклар. Майдонда ҳеч нарсадан тап тортишмайди. Шунинг учун ҳам, ўзбекистонлик футболчилар Мексикада қойилмақом ўйин кўрсатишяпти. Улар, ҳатто, Жаҳон чемпиони ҳам бўлишлари мумкин.

Би-би-си: Кристофер, Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоасини дастаклаш қарорингизга маҳаллий мексикалик ишқибозларнинг муносабатлари қандай бўлди? Чунки Жаҳон чемпионатида мексикалик футболчилар ҳам иштирок этишмоқда...

Кристофер Поллет: Аниқ бир нарса деёлмайман. Аммо, шахсан ўзимга келсам, икки хил туйғунинг асириман. Мен 20 кундан буён ўзбекистонликлар билан биргаман. Улар билан бирга яшайман. Худди ўз оиламдек бўлиб қолишган. Мексика эса, барибир менинг Ватаним. Бир нарса дейиш менга оғир.

Би-би-си: Фараз қилайлик, агар Ўзбекистон ярим финалда Мексикага қарши тўп суриб қолса, сиз кимга ишқибозлик қилган бўлардингиз Кристофер?

Кристофер Поллет: Мексика миллий терма жамоасини бутун мамлакат қўллаб-қувватлаяпти. Ўзбекистонга ҳам дастак керак-ку, биз сўзсиз улар билан бирга бўламиз.

Би-би-си: Бир кун келиб, Ўзбекистонга бориш ниятингиз борми?

Кристофер Поллет: Ҳа, ҳа, сўзсиз. Мен ҳозир фақат шунинг орзусидаман. Ўзбекистонлик футболчилар билан гаплашганимда, улар ҳам, “Сен албатта Тошкентга келишинг керак, бизнинг қадимий, тарихий шаҳарларимизга боришинг керак”, дейишади. Албатта Ўзбекистонга бориш умидидаман.

Би-би-си: Ўзбекистонлик футболчи дўстларингиз сизни Ўзбекистонга таклиф этаман, дейишдими?

Кристофер Поллет: Ҳа, мен дўстларим билан Ўзбекистонда учрашиш умидидаман. Улар менга Тошкентни, ўзларининг оилалари, дўстлари акс этган суратларни кўрсатишди. Мен ҳам уларни ҳақиқий ҳаётда кўриш, улар билан бирга бўлишни истайман.

Энг сўнггида шуни ҳам эслатиб ўтишим жоизки, Ўзбекистон чорак финалда эртага - 3 июл куни Уругвайга, Мексика эса, 4 июл куни чорак финалда Францияга қарши майдонга тушади.