Ўзбек президентидан очликни давом эттираётган журналистларга эътибор бериш сўралмоқда

Image caption Саодат Омонова "Давр" дастурининг ўзбек парламентидаги мухбирлик вазифасидан четлаштирилган

Ўзбекистонлик қатор журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари саккиз кундирки очлик эълон қилиб келаётган икки журналист Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулованинг тақдирига зудлик билан эътибор қаратишини сўраб Президент Ислом Каримовга очиқ мактуб йўллашган.

Мактуб муаллифлари орасида, жумладан, мустақил журналистлар Галима Бухарбаева, Шоҳида Ёқуб, Сид Янишев, ҳамда Умида Ниёзова ва Абдураҳмон Ташанов каби инсон ҳақлари фаоллари бор.

Ўзбекистондаги "Ёшлар" телеканалининг "Давр" хабарлар дастури мухбирлари Омонова ва Эшонқулова Ўзбекистон Давлат Телерадиокомпаниясидаги, ўз таъбирларида, порахўрлик, маҳаллийчилик ва цензурага қарши норозилик изҳор этиб 27 июнда очлик эълон қилишганди.

Очлик эълон қилишдан аввал икки журналист Ўзбекистон Давлат Телерадиокомпанияси устидан шикоятларини тинглашни сўраб ўзбек президентига 56та мактуб ва телеграммалар жўнатишгани, бироқ уларнинг бари жавобсиз қолганини билдиришган.

Икки журналист 2010 йил декабридан бери ўз иш жойларидаги муаммолар ҳақида телевидение раҳбариятини огоҳ қилишга уринганлари, бироқ сўнгра босим остига олиниб, ишдан четлатилганларини хабар қилишганди.

Улар ишдан четлатилганларидан сўнг ҳам расмийлар томонидан босим тугамагани, хусусан уларнинг Тошкентда яшаш учун олган рухсатномалари бекор қилинганини билдиришган.

Омонова ва Эшонқуловаларга дастак изҳор этиб бугун йўлланган мактубда мустақил журналистлар ва фаоллар Ўзбекистон президентини матбуот эркинлигини амалда таъминлашга чақиради.

"Ўзбекистон Конституцияси ва матбуот эркинлиги ҳақидаги қонунда цензура ман этилганига қарамай, Ўзбекистонда матбуот бюрократларнинг мутлақ назорати остида. Шунинг натижасида Ўзбекистон матбуоти мамлакатдаги воқеъликдан буткул узилган ҳолда, бошқа бир параллел дунёда яшаб келаётган кўринади. Сиз бир неча бор матбуот эркинлигига чақиргансиз. Сиз журналистларни мамлакатдаги вазиятни ёритиш йўлида кўпроқ ташаббус ва жасорат кўрсатишга чақиргансиз. Бироқ, ҳаққоний ва профессионал равишда ишлашга уринган ўша журналистларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари амалда ҳеч қачон таъминланмаган", дейилади очиқ мактубда.

Президентга мактуб муаллифларига кўра, Ўзбекистонда диктатура ва бюрократларга қарши курашнинг демократик йўллари таъминланмагани боис халқ норозилик намойишлари, пикетлар ва очлик амалларини ўтказишга мажбур экани айтилади.

"Бу икки журналист эълон қилган очлик Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммосига сизнинг диққатингизни тортишнинг ягона йўли бўлса керак. Биз айнан сиз, Конституцияга кафил сифатида, Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова ҳаётлари учун жавобгарсиз деб ишонамиз", дейилади мурожаатномада.

Айни дамда очлик эълон қилган журналистларнинг саломатликлари ёмонлашган.

Уч кун аввал ўзларини ёмон ҳис қилган журналистларни кўриш учун келган "Тез тиббий ёрдам" шифокори Малоҳат Эшонқуловага невроз ташхисини қўйиб кетган.

Икки журналист бундан "бизни руҳий бемор деб эълон қилмоқчилар", деган хулосага келганлар.