Одил Аҳмедов: 'Арсенал'нинг менга қизиқиш билдиргани рост гап'

"Пахтакор" жамоасининг собиқ сардори ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг юлдуз ўйинчиларидан Одил Аҳмедов Лондоннинг 'Арсенал' клуби ўзига қизиқиш билдираётганини шахсан тасдиқлади.

"Арсенал" вакиллари менга ростдан ҳам қизиқиш билдиришди, улар менинг ҳамма ўйинларимни диққат билан ўрганишяпти", деб айтган Одил Аҳмедов.

Ўзбекистонлик юлдуз футболчининг айтишича, "Анжи"(Махачқалъа)даги ўйинидан ташқари, сўнгги Осиё Кубогидаги иштироки ҳам лондонлик скаутларнинг эътиборидан четда қолмаган.

Лондоннинг "Арсенал"и расман таклиф билан чиққан тақдирда, Одил Аҳмедов Англия премьерлигасига ўтган илк ўзбекистонлик футболчи бўлади.

Чунки шу пайтгача ўзбекистонлик бирор бир футболчи Англия премьерлигасида тўп сурган эмас.

Одилнинг имкониятлари

Image caption Ўзбекистонлик таҳлилчилар Одил Аҳмедов "Арсенал"га муносиб ўйинчи эканини таъкидлашади

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов "Арсенал" клубининг ҳамсоҳибларидан саналади.

У ўзининг бизнес ҳамкори Фарҳод Моширий билан бирга "Арсенал"нинг иккинчи энг йирик ҳиссадоридир.

Алишер Усмонов яқинда клубнинг Англия премьерлигасида кўрсатаётган сўнгги ўйинларидан норози экани, бунга клуб Директорлар кенгаши айбдор эканини айтганди.

Инглиз футболининг кўзга кўринган жамоаларидан бўлган "Арсенал" ўтган олти йил бадалида бирор бир йирик совринни қўлга киритолмаган.

Россиялик миллиардер вазиятни ўнглаш учун ҳиссадорларни "Арсенал"га кўпроқ сармоя киритишга ундаганди.

Жаноб Усмонов, ўз ўрнида, "Арсенал"нинг кучли ярим ҳимоячига эҳтиёжи борлигини айтиб ҳам таъкидлаб ўтганди.

Майдоннинг ҳар бир нуқтасида қойилмақом ўйин кўрсатишга қанчалик қодир эканини сўнгги Осиё Кубогида керагича намойиш этган Одил Аҳмедов эса, айнан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ярим ҳимоячиси ҳисобланади.

Устига устак "Арсенал" сардори Сеск Фабрегаснинг "Барселона"га қайтиш истаги клуб раҳбариятини қийин аҳволда қолдирган.

Сўнгги янгиликлар футбол оламида ёзги олди-сотдилар қизий бошлаган бир паллада ўртага чиқмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев Одил Аҳмедов маҳорат ва ўйинни бошқариш жиҳатдан "Арсенал"га муносиб ўйинчи эканини айтади.

"Одил Аҳмедов потенциали жиҳатидан дунёнинг исталган жамоасида ўйнаб кета олиши мумкин, айни ўринда фақат муҳитга қанчалик мослашиб кета олиши омилини ҳисобга олиш керак. Чунки Одил биринчи марта хорижга чиқди, Россия жамоаларида ўйнади. Ҳозир "Анжи" таркибидаги муқим ўйинчига айланди. Россиялик футболчиларнинг Англия премьерлигасида асосий тартибда бемалол тўп сураётганликларини назарда тутсак, Одил ҳам бемалол ўйнаб кета олган бўларди", дейди шарҳловчи.

Қизиқиш

Image caption Одил Аҳмедов ҳозир Махачқалъанинг "Анжи"сида, Роберто Карлос каби дунё футболи юлдузлари билан ёнма-ён тўп суради

Бундан бир ойча бурун Ўзбекистон Футбол Уюшмаси президенти Мираброр Усмонов "Арсенал"нинг Одил Аҳмедовга қизиқиш билдираётганига оид хабар билан чиққанди.

Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогидаги қойилмақом ўйини ортидан, Одил Аҳмедов сўнгги мавсумни Махачқалъанинг бойвачча "Анжи" клубида ижарада ўтказди.

Ҳозирда доғистонлик миллиардер соҳиблик қилаётган клуб жаҳон футболи юлдузларидан бразилиялик Роберто Карлосни ҳам сотиб олган.

Хабарларда айнан кубок ўйинларида кўрсатган маҳорати "Арсенал"нинг Одил Аҳмедовга қизиқиш билдирганига сабаб бўлгани айтилганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2010 йилги Осиё Кубогида ўз тарихида илк бор ярим финалга кўтарилиб, қитъанинг юқори тўртлиги сафларига киришга муваффақ бўлган.

Бунинг ортидан Одилга Оврўпо, Россия, Туркия ва қатор араб давлатларининг етакчи клублари қизиқиш билдиришганди.

Ўзбекистонлик юлдуз футболчи ҳам сўнгги йилларда ўзининг Оврўпо майдонларида тўп суриш истаги борлигини ошкора баён қилиб келади.