Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Россияда 23 ўзбекистонлик расмий Тошкент талаби билан ҳибсга олинган

Россияда Ўзбекистон конституцион тизимига гўёки таҳдид солган ўзбекистонликларни ушлаш амалиётлари давом этмоқда.

Шу кунларда Нижний Новгород шаҳрида 23 нафар ўзбекистонлик расмий Тошкент талаби билан ҳибсга олинган.

Уларнинг барчалари Россияда меҳнат муҳожирлари бўлганлари айтилади. Россия ҳукумати томонидан ўзбек фуқароларининг ушлаб, Тошкентга топширилиши халқаро ҳамжамият ва хусусан, Оврўпо Инсон хуқуқлари маҳкамаси томонида танқид қилинган.

Москвадаги инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроев Нижний Новгород шаҳридаги ўзбекистонликлар ноҳақ ҳибсга олинганини айтади.

"Албатта, бир ачинарли ҳолатда Ўзбекистон фуқароларини иғволар қилиб, уларнинг устидан жиноий ишларни сохталаштириб, қамашлар Россияда ҳозир авжига чиқиб кетди. Албатта, бу қамашлар Россиядаги айрим кучлар учун яхши. Умуман, экстремизм, терроризм масаласида гўёки, бир қаттиқ йўналишда деган хулосага олиб келиш учун қамашлар, ҳибсга олишлар давом этяпти", дейди Баҳром Ҳамроев.

Баҳром Ҳамроевга кўра, Нижний Новгород шаҳрида қўлга олинган 23 кишига нисбатан ҳам айнан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159 (конституциявий тузумга тажовуз қилиш), 241 (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш), 244 (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) - моддалари бўйича айбловлар илгари сурилган.