Ўзбекистондаги қамоқхонадан яна бир маҳбуснинг жасади келган

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Абдуманнон Ортиқов Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Маълумотларга кўра, Абдуманнон Ортиқов 23 июн куни Тошкентдаги Сангород маҳбуслар шифохонасида оламдан ўтган

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан диний-экстремизмга алоқадорлик айби билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилган Абдуманнон Ортиқовнинг жасади яқинларига қайтарилган.

34 ёшли Абдуманнон Ортиқов Андижон ҳодисаларидан кейин Қирғизистон жанубида бошпана топган, аммо орадан бир йил ўтиб, қирғиз ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан тутиб олинган ва Ўзбекистон расмийларига топширилган.

Ҳозир Оврўпода яшаётган журналист Рустам Собитов Абдуманнон Ортиқов билан Қирғизистонда бирга бўлганини айтади:

"Таъқиблардан қочиб, Қирғизистонга чиққанимизда у билан битта уйга турганмиз. Қирғизистон милиция ходимлари уйимизга бостириб киришган ва шу 6 оғайнимизни яширин равишда ўзбек расмийларига бериб юборишган, уларнинг ичида Ортиқов Абдуманнон ҳам бўлган. Мен ва БМТнинг қочқинлар билан ишлаш бўлимида рўйхатдан ўтганим учун қолганман", дейди у.

Рустам Собитовга кўра, кейин у диний-экстремизмга алоқадорлик айби билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Журналист ўзига етиб келган маълумотларга биноан айтишича, Абдуманнон Ортиқов 23 июн куни Тошкентдаги Сангород маҳбуслар шифохонасида оламдан ўтган.

"Ўзи Қарши зоналаридан биттасида жазо муддатини ўтаётган бўлган. 23 июнда оғир аҳволда Сангородга келтирилган ва ўша ерда вафот этган. 24 июн куни уйдагиларига хабар қилинган ва 25 июн куни дафн этилган", дейди Рустам Собитов.

Айтилишича, Абдуманнон Ортиқовнинг "жазо муддати тугашига оз муддат қолган пайт изоляторга ташланган ва кейин қайта суд қилиб унга қўшимча муддат берилган".

"Дадасининг таъкидлаши бўйича, бир ой олдин кўришган пайти у соғлом ҳолатда бўлган ва кайфияти ҳам яхши бўлган", дейди Рустам Собитов.

Аммо, унга кўра, уйга кетирилган пайт "жасадда жароҳатлар ва калтак излари бўлган".

Қатор халқаро ва маҳаллий ташкилотлар Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлар воситасида ҳаётдан кўз юмиши ноодатий ҳол эмаслигини айтишади.

Оврўпо Иттифоқи 2008 йилда Ўзбекистон ҳукумати Бирлашган Миллатларнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга чақирганди.

2002 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарига ташриф буюрган БМТ маърузачиси эса, мамлакатда қийноқларнинг мунтазам қўлланишини айтган эди.