Жаҳон чемпионати: Уругвай финалда, Тошкентда ҳам тантаналар...

Мексиканинг Гвадалахара шаҳрида бўлиб ўтган ярим финал беллашувида кимсан бир неча карра Жаҳон чемпиони бразилияликларни йирик 3:0 ҳисоби билан мағлуб этган Уругвай ўсмирлар миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқди.

Бразилия эса, бундан аввал ҳеч қачон футбол бўйича ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати тарихида ўзининг қитъадош рақибига енгилмаганди.

Сўнгги Жаҳон чемпионатида намойиш этаётган қойилмақом ўйини Уругвай футболининг қайта уйғониши сифатида ҳам баҳоланмоқда.

Айнан уругвайлик футболчилар чорак финалда ўзининг кетма-кет муваффақияти билан Мексикада катта шов-шувларга сабаб бўлган Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоасининг барча умидларига якун ясашганди.

Жаҳон чемпионатидаги илк иштирокларидаёқ “довюраклар” сифати берилган ўзбекистонлик футболчилар қарши ҳужумлари билан тилга тушган рақибларига 2:0 ҳисобида енгилишганди.

Кўрсатган маҳорати ортидан, ҳатто, Жаҳон чемпионатининг финалига чиқиши башорат қилинган Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси эса, майдонни кўзда ёш, аммо ғурур ва қувонч билан тарк этишганди.

Чунки уругвайлик рақиблари каби Жаҳон чемпионатининг якуний босқич учрашувларида илк бор иштирок этаётган ўзбекистонлик футболчилар Мексикада тарихий ютуқларни қайд этишганди.

Сизга ҳам яхши аёнки, шу пайтгача Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси Жаҳон биринчилигининг чорак финалигача чиқишга муваффақ бўлмаганди.

Энди эса, 2011 йилги ўсмирлар орасидаги Жаҳон чемпионатининг финал беллашувида Уругвай мезбон мексикаликларга қарши тўп суради.

Икковлон ўртасидаги Жаҳон чемпионлиги учун кураш Мексикадаги энг йирик – “Эстэдио Азтека” стадионида бўлиб ўтади.

1975 ва 1983 йилларда ҳам Жаҳон чемпионати беллашувларига мезбонлик қилган стадионда финал учрашувини юз мингдан ортиқ ишқибоз томоша қилишлари мумкин бўлади.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Мексика ўсмирлар миллий терма жамоаси 2005 йилда Перуда ҳам Жаҳон чемпионлигини қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Мексикалик футболчилар бундан олти йил бурун Жаҳон чемпионатининг илк учрашувида Уругвай, финал учрашувида эса, Бразилиянинг мағлуб этишганди.

Ўшанда ҳам Мексика ўсмирлар миллий терма жамоаси Бразилия, Уругвай, Гана ёки Голландиянинг ғолиб чиқишини башорат қилган кўплаб футбол мутахассисларини мум тишлатиб қўйишганди.

Тошкентда ҳам тантаналар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Мексикадаги Жаҳон чемпионатининг икки финалисти аниқланишидан бир неча соат ўтиб, бугун маҳаллий вақт билан тонгги соат 4:00 да Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси Тошкентга қайтган.

Футболчиларни кутиб олиш учун аэропортга шахсан Ўзбекистон футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмонов чиққан.

Ўзбекистонлик ўсмир футболчиларни Тошкент халқаро аэропортида мингга яқин мухлислар, журналистлар, мутахассислар, мутасаддилар ва оила аъзолари катта тантаналар билан қарши олишган.

Бутун аэропортни тўлдириб олқишлару карнай-сурнай наволари янграган.

“Ҳаттоки, аэропортдаги бошқа давлатга учаётган, бошқа мамлакатдан келаётган, уларни кузатиб, қарши олаётган одамлар ҳам тантаналарга қўшилиб кетишди”, дейди бугун Тошкент халқаро аэропортига чиққан "Ўзбекистон футболи" газетаси бош муҳаррири Ойбек Юнусов.

“Қий-чув, гулдасталар, аэропорт биносининг нақ ярмини эгаллаган ва ҳар бир футболчининг сурати акс этган нақ 50 метрлик баннерлар, дейсизми, аэропортда футболчиларимизни кутиб олиш маросими нақ байрамга айланиб кетганди...”:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Журналист аэропортда Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоасининг сардори Аббосбек Махсталиев, сара ҳужумчиси Тимур Ҳакимов ва Сардор Раҳмоновлар билан ҳам суҳбатлашишга муваффақ бўлганини айтади.

“Футболчиларнинг юзларида чарчоқ аломатлари йўқ эди, юзларида табассум зоҳир эди. Лекин ичларида финалга чиқолмадик, деган бир афсус ҳам қолиб кетгандек туюлди менга...”

Ўзбекистонлик спорт муҳаррири сўнгги пайтларда мамлакатда анъанага айланиб бораётганини айтиб, Мексикада тарихий ютуқларга эришган футболчилар учун тантаналар бугунги кутиб олиш маросими билан якун топмайди, дейди.

Унга кўра, футболчиларни олдинда Ўзбекистон ҳукумати, Футбол уюшмаси ва ҳомийларнинг турли мукофотлари, қимматбаҳо совғалари кутаётганига ишончи комил.

Ойбек Юнусов, ўз ўрнида, ўсмир футболчиларнинг истиқболлари порлоқ эканини ҳам айтади.

“Мексикадаги Жаҳон чемпионатида кўрсатган ўйинлари ортидан улардан бири неча нафари оврўполик футбол мутахассисларининг эътиборига тушишган. Ҳозир ошкора айтилмаётган бўлса ҳам, анча-мунча йигитларимизнинг яқин орада хориж клубларига кетишлари аниқ эканига ишончимиз комил”.

Футболчиларимизнинг чет элларда ўйнашлари келгусида миллий терма жамоамиз, Ўзбекистон футболининг Жаҳон саҳнасида порлашида жуда катта вазифани бажаради, дейди у.