Қовун-тарвуз савдоси чекловининг терроризмга алоқаси борми?

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, Тошкент шаҳар бозорларида полиз маҳсулотлари - тарвуз, қовун, ҳандалаклар билан савдо қилишга чеклов жорий этилган.

Айтилишича, эндиликда бу каби маҳсулотлар билан алоҳида ташкил этилган ерлардагина савдо қилиш мумкин.

Бу савдо қаерда эканлигини аниқлашнинг имкони ҳозирча бўлмади, лекин асосан Тошкент шаҳрининг Кичик ва Катта халқа йўллари бўйида кузатилган.

Ўзбекистон расмийлари эса бу гал ҳам, бозорлар иш тартибига киритилаётган ўзгаришлар ҳақида харидор ва савдогарларга етарлича маълумот ва изоҳ бермаяптилар.

Ўзбекистон пойтахтининг энг қадимий ва гавжум бозорларидан бири бўлган "Эски Жўва" бозорида тижорат фаолияти билан ҳам шуғулланадиган Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, "Эски Жўва"га қовун-тарвуз олиб кириш 1 июлдан тақиқлангани ҳақида бозор маъмурияти маълум қилган.

"Бу айни пишиқчилик кунларида қовун-тарвуз, ҳандалак егиси келган кўп сондаги кишиларга мушкуллик туғдираяпти. "Эски Жўва" маъмурлари "бу юқорининг буйруғи", дейишаяпти. Аммо бу Тошкент шаҳар ҳокимлигининг буйруғими ёки ҳукумат буйруғими, тушунтирилмаяпти", дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Тошкентнинг "Қорақамиш" даҳасидаги Тансиқбоев номи билан танилган бозорга борган харидорнинг сўзларига кўра, бу бозорда савдо қилувчилар бу йил ҳисобидан "умуман қовун-тарвуз" бозорга киритилмаганини айтишган.

Унинг айтишича, полиз маҳсулотларининг савдосига қўйилган тақиқ юзасидан изоҳ берилмагани турли миш-мишлар ҳам сабаб бўлган, ҳатто терроризмга қарши кураш чоралари билан боғлиқлик ҳақидаги тахминларни уйғотган.

"1 сентябрлардан кейин бозорларга қовун-тарвузларни киритишга рухсат бериб қолишар, дейишди. Сотувчилар, қовун-тарвузнинг ичига портловчи бирор нарса олиб кириб қўйишади, деб чўчишганми, дейишаяпти", деди тошкентлик киши.

Ўзбекистон бозорларининг ёз мавсумида асосий харид махсулотларидан бири бўлган полиз маҳсулотларининг савдосига нима учун чеклов киритилгани ҳақидаги савол билан Би-би-си "Эски Жўва" бозори маъмурияти вакили билан боғланди.

Масъул сўзларига кўра, қовун-тарвузларни алоҳида жойда сотиш тўғрисида Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасидан оғзаки буйруқ бўлган.

Тошкентдаги Миробод бозор маъмурияти вакилининг айтишича, полиз маҳсулотлари бозорлар ҳудудларида ўта катта ерни эгаллагани сабабли бу каби қарорга келинган.

Яъни, полиз маҳсулотлари бозор сатҳида 6 квадрат метрдан кўпроқ ерни эгаллар экан.

Лекин бозорларда ҳамиша сотиб келинган тарвуз-қовунларга нима учун эндиликда жой етишмай қолгани ҳозирча қоронғулигича қолмоқда.

Сизга бу ҳақда нималар маълум?

Бу ҳақдаги хабар, ўй ва мулоҳазаларингизни uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга ёки ушбу саҳифанинг қуйи қисмидаги махсус форма орқали

ёки +447786201124 телефонига SMS орқали йўлланг