Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Саодат Омонова: 'Очликни тўхтатдим, аммо курашни давом эттирамиз'

Image caption Журналистлар сўнгги чора сифатида очлик эълон қилганларини айтишганди

Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг собиқ журналисти Саодат Омонова саломатлиги ёмонлашгани боис очликни тўхтатган.

Саодат Омонова ўзини ёмон ҳис қилганидан сўнг "Тез тиббий ёрдам" чақиришга мажбур бўлгани ва шифохонага олиб кетилганини айтади.

"Доимий бошоғриқ, доимий жигардаги, ўт пуфакдаги оғриқдан қийналганим учун кеча яна "тез ёрдам" чақиришга мажбур бўлдик", дейди Саодат Омонова Би-би-си билан суҳбатда.

Унга кўра, шифокорлар унга очликнинг таъсирини тасдиқлашни исташмаган.

"Тўғрисини айтсам, уларни ҳам огоҳлантиришган. Улар менга очлик таъсир қиладиган, шу ошқозонга, жигарга касал диогноз қўймасдан, бошқа диогнозлар қўйишга ҳаракат қилишди", дейди у.

Саодат Омонова ҳозир ўзини яхши ҳис қилаётгани, аммо уларнинг норозилик акцияларига ҳукумат тарафидан бирон-бир муносабат билдирилмаганидан афсусда эканини айтади. Унга кўра, бу ҳол курашни давом эттиришларидан тўхтата олмайди.

"Биз барибир курашни давом эттирамиз. Судда курашни давом эттирамиз. Жуда бўлмаса, халқаро ташкилотларга чиқамиз. Биз биламиз, шаҳар суди ҳам, Олий суд ҳам барибир телевидениенинг фойдасига ҳал қилади. Лекин, барибир биз охиригача борамиз", дейди Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг собиқ журналисти Саодат Омонова.

Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Амоновалар президентга қилган 50 дан ортиқ мурожаатлари жавобсиз қолиши ортидан мамлакат раҳбарининг эътиборини қаратиш учун сўнгги чора сифатида очлик эълон қилганликларини айтишганди.

Ҳукумат расмийларининг бирон бир муносабат билдирмаётгани, саломатлиги ёмонлашиб, ҳолдан тойганига қарамай, Малоҳат Эшонқулова очлик акциясини давом эттиришга қарор қилган.

"Мен токи ҳукумат расмийлари тарафидан бирон бир реакция билдирилмагунига қалар очликни давом эттиришга қарор қилдим", дейди Малоҳат Эшонқулова.

'Муҳтарам Президент Каримов, бизни қабул қилинг!'

Ўзбекистон телевидениесидаги цензура, коррупция ва маҳаллийчиликдан шикоят қилаётган журналистлар телевидение раҳбариятини маҳкамага тортиш уринишлари натижа бермаганидан сўнг 27 июн - Матбуот ходимлари куни Президент девони ўнгида норозилик намойиши ўтказишга урингандилар.

"Муҳтарам Президент Каримов! Бизни қабул қилинг" деган плакат кўтариб турган журналистлар фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан милиция идорасига олиб кетилган.

Кейинроқ маҳкама уларни "намойишлар ўтказиш тартибини бузганлик" айби билан 2 миллион 900 минг сўм миқдорида жаримага тортган.

Малоҳат Эшонқулова ҳали ҳам ҳукумат уларнинг арзига қулоқ тутиши мумкинлигига умид қилаётганини айтади.

"Ҳечдан кўра, кеч дейишадику, зора кеч бўлса ҳам қизиқиб кўрса, адолатнинг қарор топишига жонбозлик кўрсатса, деган ниятда очликни давом эттиришга қарор қилдим", дейди Малоҳат Эшонқулова.