Тожикистон: АҚШ элчихонаси Ўринбой Усмоновдан айбловни олиб ташлашга чақирди

Ўринбой Усмонов

Тожикистондаги АҚШ элчихонаси Хўжанддаги Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновнинг озодликка чиқарилиши ва Бош прокуратуранинг унга нисбатан фаолияти таъқиқланган "Ҳизб ут-Таҳрир" фирқасига аъзолик айбини олиб ташлаш қарорини олқишлади.

Шу билан бирга Қўшма Штатлар элчихонаси Тожикисон ҳукуматини жаноб Усмоновга нисбатан қўйилган ноқонуний фирқа фаолияти ҳақида ҳукумат органларига хабар бермаслик айбловини ҳам олиб ташлашга чақирган.

"Барча журналистлар сингари жаноб Усмонов журналист сифатида ўз қонуний ишини бажариши учун турли инсонлар билан учрашиши керак," дейилади Душанбедаги АҚШ элчихонаси чиқарган баёнотда.

Ўринбой Усмонов оиласи ҳам Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон номига иккинчи бор очиқ мактуб йўллаб, Би-би-си журналистини буткул оқланиши учун ёрдам беришни сўраган.

"Муҳтарам жаноби олийлари, биз Сиздан отамизнинг тӯла оқланиб, озодликка чиқишлари учун ӯз кӯмагингизни аямаслигингизни сӯраймиз! Отамиз даволанишлари ва яна ўз касб корларига қайтишларини истаймиз. Бу тушунмовчиликлар тезроқ ниҳоясига етишини, бу азиз ватандаги миллионлаб оилалардан бири яна тинч ва хотиржам меҳнат бағрига қайтишни жуда истайди," дейилади Усмоновлар оиласи мактубида.

Ўринбой Усмонов шу йил 13 июнда Тожикистон Хавфсизлик Қўмитаси ходимлари томонидан мамлакатда фаолияти таъқиқланган партия - "Ҳизд ут-Таҳрир"га алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинган эди.

Ортидан кўплаб халқаро ташкилотлар, ғарб элчихоналари, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари баёнотлар тарқатиб, расмий Душанбедан Ўринбой Усмоновни дарҳол озод этишни талаб қилдилар.

Би-би-си раҳбарияти қарори билан Би-би-си ходимлари Ўринбой Усмонов озодлигини талаб қилиб, бир ой давомида ҳар ҳафта Лондонда намойиш ўтказишди.

Ўринбой Усмонов беш кун муқаддам ўз яшаш жойини тарк этмаслик шарти билан озод этилди.

Аммо унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш ҳамон очиқлигича қолмоқда.