Руслан Чагаев: 'Поветкин билан жангга оид шартномага ҳалича имзо чекканим йўқ'

Image caption Профессионал бокснинг "Ой Тайсон"и энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги учун бўлажак жангига оид шартномани ҳалича расман имзоламаганини айтмоқда

Энг оғир вазн тоифасида дунёдаги энг кучли боксчилардан бири бўлган ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаевнинг айтишича, профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича Жаҳон чемпионлиги учун россиялик боксчи Александр Поветкин билан бўлажак жангига оид шартномани ҳалича расман имзоламаган.

Руслан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган сўнгги суҳбатида ҳам бу борада икки жамлоқ орасида фақат оғзаки келишув бўлгани, расмий битимнинг эса, шу яқин ҳафталарда имзоланишини билдирди.

Шу кунларда Россиянинг кўплаб нуфузли спорт нашрлари Александр Поветкиннинг менежери Владимир Хрюновнинг сўзларига таяниб, Руслан Чагаевнинг шартномага имзо чеккани ва бўлажак жанг масаласи узил-кесил ҳал бўлганига оид хабарлар тарқатишганди.

Россия оммавий-ахборот воситаларидаги ушбу хабарларни кескин рад этаркан, Руслан Чагаев нега бу каби хабарлар матбуотга чиқиб кетгани сабабини билмаслигини таъкидлайди.

"Мисол учун, мен ҳозирга қадар бу шартномага имзо чекканим йўқ, уни кўзим билан кўрганим ҳам йўқ", дейди Руслан.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи бундан сал аввалроқ Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида бўлажак жангни 28 август куни, Олмониянинг Эрфурт шаҳрида ўтказиш режаланаётганини айтганди.

Руслан Чагаев 2007 йилнинг 14 апрел куни илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.

Аммо 2009 йилнинг июн ойида украиналик рақиби Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик камаридан буткул мосуво бўлган.

У ўтган йил май ойида австралиялик рақиби Кали Мианни енгиб, яна ўз вазн тоифасида Жаҳон чемпионлигига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Ўзбекистонлик донгдор боксчининг ушбу жангги шу йилнинг май ойида британиялик боксчи Девид Ҳей билан бўлиши кутилаётганди.

Аммо жангга саноқли ойлар қолган бир пайтда Владимир Кличко билан рингга тушишини эълон қилган Девид Ҳей шу йилнинг 2 июл куни жаҳоннинг суперчемпионлиги мақомини рақибига бой берди.

Жаҳоннинг супер чемпионини аниқлаб берган ана шу жанг ортидан эса, Руслан Чагаев яна энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги учун жанг олиб боришга имконли бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жангга оид шартнома ҳали Руслан томонидан расман имзоланмаган эса-да, ҳар икки томон ҳам тайёргарликларга зўр беришган

Агар амалга ошса эса, бу - россиялик рақиби Александр Поветкиннинг ушбу мақом учун илк бор рингга тушиши бўлади.

Руслан рақибидан фарқли тарзда, профессионал рингда катта тажрибага эга.

Шу пайтгача 29 та жанг ўтказган, шундан 27 тасида ғолиб чиққан, бир бор мағлубиятга учраган ва яна бир жанггини дуранг натижа билан якунлаган.

2005 йилда профессионал боксга ўтган Александр Поветкин ҳисобидаги жанглар сони эса, 19 та. У ҳам ўзи ўтказган жангларнинг барчасида ғалаба қозонган.

Александр Поветкин WBA рейтингида Руслан Чагаевдан кейин 2-ўринда туради.

Бўлажак жанг ҳақидаги шартнома ҳалича расман имзоланмаган эса-да, ҳар икки боксчи ҳам тайёргарликка зўр беришган.

Руслан Чагаев биз билан суҳбатида ҳозир жисмоний тайёргарликларга асосий эътиборини қаратаётгани, аммо келаси ҳафтадан бошлаб, махсус машғулотларни бошлашини айтди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик донгдор боксчи бўлажак рақибидан заррача чўчимаслиги ва ҳаммаси рингда ҳал бўлишига оид фикрида қатъий.

Бўлажак жанг тафсилотларига оид хабарларни Би-би-си Ўзбек Хизматида биз билан бирга кузатиб боришни унутманг.