Тимур Ҳакимов: 'Рональдиньога ўхшагим, 'Манчестер Юнайтед'да ўйнагим келади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Журналист ҳам том маънода ўзига хос "изқувар" эмасми, Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси юлдузи Тимур Ҳакимовнинг "изидан тушганимга" анча бўлганди.

Ўтган йили 16 ёшгача бўлган футболчилар орасида Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионати ёдингиздадир.

Ҳа, ҳақсиз, Тимур ўзиям битта эмас, иккита эмас, нақ бешта тўп киритиб, "Энг зўр футболчисию тўпурари", деб топилган ўша чемпионат.

Буёғи Мексикада ўз футболчилик маҳорати билан кўтарган шов-шувларнинг чангги ҳали босилмаган бўлса...

Ишқибоз ўлароқ, "Тан олдирганни мен ҳам тан оламан", деб катта кетиб юришимдан яхши хабарингиз бор. Устига устак яна журналист эканимни айтмайсизми, тан олгандан кейин, нега эканлигини ҳам албатта ёзишингиз лозим бўлади.

Бироқ сиз Ўзбекистон ёки Мексикада эмассизки, микрофонингизни кўтариб олиб, стадионнинг тўсиғи ёки меҳмонхонанинг эшигини писанд билмай, Тимурнинг ёнига, "Ассалому алайкум", деб кириб борсангиз.

Тимурнинг уяли телефонига қилинган ва "бу рақам билан вақтинчалик боғланиб бўлмайди", дан ўзга жавоб бўлмаган саноқсиз қўнғироқлардан кейин Тимур ва ниҳоят, "Алло", деб гўшакни кўтарган пайтдаги ишончсизликни айтинг.

Ғайриихтиёрий бир неча сониялик сукутдан сўнг, "Менга Тимур Ҳакимов керак эдилар", деб қайта-қайта сўрабман ҳам денг.

Ёки бунга Тимурнинг овозидаги беғўборлик сабаб бўлдими, ўзим ҳам билмайман.

Тимурдан сўраган илк саволим, сўзсиз, ҳозир нима билан банд экани ҳақида бўлди.

"Мексикадаги жаҳон чемпионатида тан жароҳати олгандим, шу сабаб, даволанаяпман. Кейин севган қизим билан кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилаяпман", дейди Тимур.

Ғарб матбуотининг ўз футбол юлдузлари ҳаётини қанчалик тит-пит қилишларига кўзим ҳам, қўлоғим ҳам, хуллас-калом, этим ҳам пишиб кетган эса-да, Тимурнинг бу каби самимий иқрорига у қадар эътибор қаратиб ўтирмай, гапнинг соф футболга хос дангалига ўта қолдим.

Мени Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоасининг сара ҳужумчиси сифатида Тимурнинг сўнгги Жаҳон чемпионатидаги иштирокларига берган баҳоси қизиқтирарди.

"Биз Мексикада ёмон ўйин кўрсатмадик, яхши натижага эришдик, менимча. Ўйинимиз менга ёқди", дейди Тимур.

Шахсан ўзининг ўйини ҳақида гап кетганда эса, "Бундан ҳам яхшироқ ўйнашим мумкин эдими,.." деб камтарлик ҳам қилади.

Мексикада бўлиб ўтган ўсмирлар орасидаги жаҳон биринчилиги ўйинларида эса, ўзбекистонлик футболчилар илк бор ўз тарихларида чорак финалга қадар кўтарилишга муваффақ бўлишди.

Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоасининг бу каби ютуғида Тимурнинг ҳиссаси озмунча бўлмади.

Тимурнинг Мексикада ўтказган тўрт учрашувларида учта тўп киритишга улгуриши кўплаб халқаро футбол мутахассисларининг нигоҳларидан четда қолмади.

Айниқса, Янги Зеландия йирик ҳисоб билан ғалаба қозонган илк ўйинда рақиб дарвозасига киритилган ягона тўп футбол танқидчилари орасида катта шов-шувларга сабаб бўлди.

Мексикадаги Жаҳон биринчилиги ортидан Тимурнинг ўйини Олмониянинг "Штутгарт"и каби клублар футбол академиялари эътиборига тушгани ҳам айтилди.

Ўзбекистонлик афсонавий футболчи Биродар Абдураимов ҳам Тимур ўсмирлар орасидаги сўнгги Осиё ва Жаҳон чемпионатларида ўзини яхши кўрсатди, дейди:

"Бўйи кичкина бўлса ҳам, чаққон, оёғи яхши ишлайди. Аммо энг асосийси - Тимур ўз устида ишлаши керак. Бу биринчидан. Бундан ташқари, Тимур Ўзбекистон миллий чемпионатида қанчалик тез асосий таркибга кирса, шунчалик тез ўсади. Унда ўйин тажрибаси кўпроқ бўлиши керак. Мана, 17 га кирди. Агар янаги йилдан Олий лигада ўйнаб кетса, менимча, келажаги порлоқ бу боланинг", дейди Ўзбек футболи афсонаси.

Тимур эса, ҳозир Тошкентнинг "Пахтакор" клуби ёшлар жамоасида тўп суради.

Биродар Абдураимов Тимур Ҳакимовнинг футболчи сифатидаги ўзига хосликларига тўхталаркан, унинг тўп уришга иштиёқи қанчалик кучли эканига эътибор қаратади:

"Майдонда тўп қаерда бўлса, Тимур ўша ерда. Доимо ҳужум уюштиришга интилади. Тўп уришга сезгиси бор, устига устак чаққон ҳам", дейди Биродар ака.

Тимурнинг тўпга қанчалик жон-жаҳди билан ташланиши ва майдондаги югуроқлигини кўриб, футбол оламида уни мексикалик машҳур ҳужумчи ва 2010 йилги Жаҳон чемпионатининг энг тезкор футболчиси, деб тан олинган Хавьер Эрнандесга ҳам қиёслаганлар бўлди.

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, суҳбатимиз чоғида Тимур бир кун келиб бугун Хавьер Эрнандес тўп сураётган Англиянинг "Манчестер Юнайтед" клубида тўп суриш орзусида эканини айтади.

"Менга "Манчестер Юнайтед"нинг ўйини ёқади, мураббийси ёқади, мен уларнинг ўйинларини кўриб, хурсанд бўламан", дейди Тимур.

Ўзбекистонлик фахрий футболчилар ва футбол мутахассислари эса, бир овоздан Тимурга хорижий футбол тажрибаси асқотиши, бундан унинг ўйин маданияти юксалишини айтишади.

"Ҳозир футболчи сифатида Тимурнинг кўпгина ўзига хос жиҳатлари бор. Аммо Оврўпо клубларига ўтгудек бўлса, Оврўпо футболи ҳадисини олади. Янада маҳорати ортади. Дейлик, олмонларнинг интизомли футбол намойиш этиш томонлари, кейин тактика жиҳатдан етакчи мураббийлар билан ишлашлари Тимурга ҳам, бундан буён чақириладиган болаларимизга ҳам охир-оқибат катта фойда келтиради. Бундан чўчиш керак эмас, бундан хурсанд бўлиш керак. Иложи борича имконият яратиб бериш керак. Чунки улар оширган маҳоратини эрта-индин Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун сарфлайди, барибир", дейди ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев.

Бундан икки йил аввал Ўзбекистонда "Энг зўр ўсмир футболчи", деб ҳам топилган Тимур эса, суҳбатимиз сўнггида, "Қойилмақом ўйинчи экани, техникаси, тезлиги, майдондаги фикрлаши ва ақлли футбол намойиш этиши ўзига ниҳоятда ёқиши"ни айтиб, "жаҳон футболи юлдузлари орасидан фақат бразилиялик футболчи Рональдиньога тан бериши, унга ўхшашга ҳаракат қилиши"ни айтади.