'Ўзбек жангарилари шимолий Афғонистонга ўтиб бошпана топишга уринмоқдалар'

Олмониядан келаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Ал Қоида тарғиботчиси бўлган шахс ҳибсга олинган.

Олмон поилциясига кўра, Афғонитсон фуқароси бўлган Умид исмли 21 яшар бу йигит экстремист вебсаҳифа очиб, одамларни жангари жиҳодий ҳаракатларга чақириб келган.

Ҳозир Олмонияда ушбу вебсаҳифага алоқадорликда кўрилган яна икки нафар шахс қидирилмоқда.

Ўзбекистон исломий Ҳаракати мавқеи Покитсонда анча заифлашгани ва кўплаб жангарилари ўлдирилгани айтилади.

Лекин ҳаракат Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларига яқин шимолий минтақаларида сўнгги пайтлари фаоллашган.

Бироқ янги аъзоларни ёллаш жўғрофияси неқадар кенгайган?

Бу савол билан Би-би-си пешоварлик журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайга мурожаат этди.

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Ўзбекистон Исломий ҳаракати махфий ташкилот ва ўз фаолиятини ҳам яширин олиб боради. Шу боис уларнинг фаолияти борасида батафсил билмаймиз. Аммо шуниси аниқки, сўнгги пайтларда улар Покистоннинг озод қавмлар яшайдиган ҳудудлари, хусусан, Вазиристонда кўп муаммоларга дуч келишмоқда. Чунки Покистон ва АҚШ ҳарбийлари ердан ҳам, кўкдан ҳам уларни нишонга олишмоқда. Ўзбек жангарилари раҳбарларини ҳам йўқотишди. Ҳозир бу ўзбек жангарилари Шимолий Афғонистон, Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларига яқин ҳудудларга кўчиб ўтишмоқда. Ҳозир шимолий Афғонистоннинг Қундуз, Тахор ва Бағлон вилоятларида Ўзбекистондан ёлланган янги жангарилар ҳам уларнинг сафига келиб қўшилгани ҳақида хабарлар бор. Бу ташкилот ҳамон фаол ва янги аъзолар топишга интилмоқда.

Би-би-си: Кейинги йиллари Ўзбекистон Исломий ҳаракати шимолий Афғонистонда фаоллашган. Бу ҳолат Покистондан қочиб борган ўзбек жангариларининг заифлашиб, Афғонистонда бошпана топишга уринаётгани далолатими ёки улар фаолияти кучаётганинини кўрсатадими?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Менимча, Ўзбекистон Исломий ҳаракати кучаяётгани йўқ. Улар ҳозир яшаб қолишга интилмоқдалар. Сўнгги пайтларда Вазиристон ҳудудлари Покистон ҳукумати назоратига ўтган. Бу ерларда бошпана топган хорижий жангарилар ҳам, Покистон Толибони ҳам, бехавотир бошпанадан айрилишган. Масалан, Жанубий Вазиристоннинг 80 фоиз ҳудуди Покистон армияси назоратида. Покистон Толибони эса қолган 20 фоизлик ҳудудда яшаб қолишга интилмоқда. Маҳаллий Толибон ҳозир хорижий жангариларга бошпана берадиган аҳволда эмас. Хуллас, ўзбек жангарилари ҳам шимолий Афғонистонга ўтиб, янги бошпана топишга уринмоқдалар.

Image caption Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Ўзбекистон Исломий ҳаракати янги аъзоларни топмоқда, лекин улар йўқотилган аъзолар ўрнини қоплайдиган даражада эмас

Би-би-си: Охирги йилларда Покистондаги Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг кўплаб жангарилари, раҳбарлари ўлдирилди. Ҳозирда уларнинг ўрнини қоплайдиган даражада янги аъзолар олишаяптими?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Бу борада тўлиқ маълумотлар йўқ. Аммо Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳеч қачон янги аъзоларни ёллаш ишларини тўхтатмаган. Бу иш эса жуда қийин. Айниқса, Ўзбекистондан янги аъзолари ёллаш улар учун жуда ҳам қийин иш. Шу боис улар бошқа жойлардан ҳам янги аъзолар топишга ҳаракат қилаяптилар. Ҳозир янги жангарилар топишмоқда, лекин бу менимча йўқотилган аъзолари ўрнини қоплайдиган даражада эмас.

Би-би-си: Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳозир қандай маблағ ҳисобидан фаолият юритади? Яъни керакли пулни қаердан олади?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: "Ал-Қоида" аъзолари Араб давлатларидаги муайян шахслардан пул олишади. Буни закот шаклида оладилар. Шунингдек, Афғонистон ва Покистонда ҳам закот берадиган манбалари бор. Бу пулларнинг муайян қисми эса Ўзбекистон Исломий ҳаракатига ҳам берилиши мумкин. Аммо гиёҳванд моддалар савдосидан пул ишлашадими йўқми - номаълум. Чунки Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳозир Афғонистонда бирон ҳудудни ёки муҳим йўлни назорат қилмайди. Шу боис улар солиқ йиғадиган бирон минтақа йўқ. Акс ҳолда улар ҳозир янада кучлироқ бўларди.

Би-би-си: Ўзбекистон Исломий ҳаракати илк босқичда Ўзбекистон ҳукуматига қарши ҳаракат сифатида ўртага чиққан. Ҳозирда уларнинг мақсадлари кимга қарши қаратилган? Ҳамон Ўзбекистонда исломий тузум ўрнатишми ва ё кўпроқ умумжаҳон жиҳоднинг бир қисмига айланганми?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Менимча, уларнинг бош мақсади ҳамон Ўзбекистон. Бироқ улар Ўзбекистонда очиқ фаолият юрита олишмайди. Аммо яшаб қолиш учун Афғонистон ва Покистонда "Ал-Қоида" ҳамда Толибон билан яқин муносабатда бўлишга мажбурлар. Шу асно улар Толибон ва "Ал-Қоида" сафида туриб ҳам жанг қиладилар. Лекин асл мақсадлари барибир Ўзбекистон бўлиб қолса керак.