Ўзбекистон 4 - 0 Қирғизистон, 2014 йилги Жаҳон чемпионати сари яна бир муҳим қадам қўйилди

Қирғизистонга қарши Тошкентнинг "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтган 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг иккинчи босқич саралаш учрашуви 4 : 0 ҳисобида Ўзбекистон миллий терма жамоаси фойдасига ҳал бўлди.

Ўйин ўзбекистонлик футбол мутахассисларида қандай таассурот қолдирди? Биз ҳал қилувчи ушбу учрашув ортидан яна фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевга мурожаат қилдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Учрашувнинг 2-қисмини ҳужумкор руҳда бошлаган ўзбекистонлик футболчилар дастлабки дақиқадаёқ рақиб дарвозасини аниқ нишонга олишди.

48-дақиқада Марат Бекмаев киритган тўп ўйинда ҳисобни яна биттага оширди.

Сервер Жеппаров, Александр Гейнрих, Виктор Кападзе ҳужумга янада зўр беришди.

Орадан 8 дақиқа ўтиб, шундай ҳужумлардан бири рақиб дарвозасини яна бир бор забт этиш билан якунланди.

Ўзбекистонликлар сардори Сервер Жеппаров учинчи тўпни ўз ҳисобига ёзишга муваффақ бўлди.

Марат Бекмаевнинг ўрнига майдонга Улуғбек Бақоев тушди.

Қирғизистон миллий терма жамоасининг онда-сондалик ҳужумлари эса, бесамар якунланмоқда.

Учрашувнинг 66-дақиқасида Баҳодир Насимов Сервер Жеппаровнинг ўрнига майдонга тушди.

Сардорлик тасмасини Сервердан Тимур Кападзе қабул қилиб олди.

Ўзбекистонлик футболчилар яна ҳужумга зўр беришди.

Учрашувнинг 71-дақиқасида рақибларининг бўш қолган дарвозасини Виталий Денисов забт этишнинг уддасидан чиқолмади.

Қирғизистон миллий терма жамоаси дарвозабони Владислав Волковнинг ўрнига Руслан Амировни майдонга туширди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ҳам ўзгариш бўлди - Виктор Карпенко Жавлон Иброҳимов билан алмаштирилди.

Ўзбекистонлик футболчиларнинг ҳужумлари ҳозирча натижасиз якунланмоқда.

Учрашув тугашига саноқли дақиқалар қолган бир пайтда Улуғбек Бақоев томонидан киритилган сўнгги тўп ҳисобни 4:0 га етказди.

Улуғбек бундан аввал ҳам бир неча бор рақиб дарвозасини нишонга олишга уринган, аммо бунга муваффақ бўлмаганди.

Шу билан 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг финал босқичига йўлланма киритиш йўлида ўзбекистонлик футболчилар томонидан яна бир дадил қадам қўйилди.

Жавоб учрашуви эса, 28 июл куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтади.

1-қисм

Учрашувнинг 28-дақиқасида Александр Гейнрих томонидан урилган тўп ўзбекистонликларни олдинга олиб чиққанди.

Ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан бошлаб ўзбекистонлик футболчилар кетма-кет ҳужум уюштиришга уринишмоқда, аммо қирғизистонлик рақиблари ҳам бўш келишмаётир.

Улар учрашувнинг дастлабки дақиқаларида ўзбекистонликлар дарвозабони Игнатий Нестеров дарвозаси ёнида ўта хавфли вазият пайдо қилишга ҳам муваффақ бўлишди.

Бунинг ортидан қирғизистонликлар дарвозасига белгиланган жарима тўпи Сервер Жеппаров томонидан моҳирона тепилган эса-да, тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди.

Александр Гейнрих, Марат Бекмаевлар ва Станислав Андреевлар ҳам рақиб дарвозасига қарши тинимсиз ҳужум уюштиришмоқда.

Аммо ҳисобни янада оширишда амалга оширилаётган ҳужумларнинг самараси бўлмаётир.

Ҳужумларни ташкиллаштиришда Виктор Карпенконинг ҳиссаси мислсиз бўлмоқда.

Учрашувни стадионнинг ўзида 20 мингдан зиёд ишқибозлар томоша қилишаётгани айтилмоқда.

Ўйиннинг биринчи қисми поёнига етди, ҳозирча ҳисоб 1:0.

Башорат

Ўзбекистон миллий терма жамоаси шу пайтгача Жаҳон чемпионатининг финал босқич учрашувларига чиқишга муваффақ бўлмаган.

Шу боис бўлажак саралаш босқич учрашувлари ўзбекистонлик футболчилар учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистонлик футбол мутахассисларига кўра ҳам, миллий терма жамоа бу гал ўз олдига энг олий мақсадларни қўйган ва Жаҳон биринчилигининг якуний босқич беллашувларига чиқиш учун ҳозир ҳар қачонгидан кўра ҳам яхшироқ имкониятларга эга.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев ҳар икки миллий терма жамоаларнинг бугунги имкониятларини қандай баҳолайди? Суҳбатимизни тингланг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рақиблар - Ўзбекистон

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси ва Осиё қитъасидаги кўзга кўринган жамоалардан бири саналади.

Қолган минтақа давлатлари билан солиштирганда, ОФК ва ФИФА рейтинггида энг яхши кўрсаткичга эга.

Қуръа ташланмасдан бурун Ўзбекистон миллий терма жамоаси қитъада тўққизинчи, Қирғизистон эса, 25-ўринда бўлган.

Аммо ўзбекистонлик футболчилар рақибларидан фарқли тарзда Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогида ёрқин ўйин намойиш этиб, ўз тарихларида илк бор тўртинчи ўрингача кўтарилишга муваффақ бўлишган.

Улар Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам Осиё Ўйинлари чемпиони бўлишга муваффақ бўлган ягона миллий терма жамоа саналишади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон миллий терма жамоалари бундан аввал тўрт марта учрашишган бўлса, Ўзбек томони деярли ҳамма учрашувларини йирик ҳисоб билан ютган.

Маҳаллий футбол шарҳловчилари ҳам футболчиларнинг маҳорати ва тажрибаси борасида Қирғизистоннинг Ўзбекистонга етишига анча борлигини айтишади.

Аммо улар бу икки миллий терма жамоа бу яқин йилларда бир-бирларига қарши майдонга тушишмагани ва амалда нималарга қодирликларидан тўлиқ бохабар эмасликлари факторига ҳам эътибор қаратишади.

Рақиблар - Қирғизистон

Айни ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қирғизистонлик футболчилар ҳам бўлажак беллашувда бўш келмасликларини баён қилишмоқда.

Тошкентда матбуот анжумани бераркан, Қирғизистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Мурат Жумакеев Осиё қитъасининг энг кучли жамоаларидан бирига қарши майдонга тушсалар-да, буни футбол деб қўйишгани, шунинг учун ҳам ҳамма нарса юз бериши мумкинлиги ҳам таъкидлаб ўтди.

Унинг ўзбекистонлик ҳамкасби Вадим Абрамов эса, ўзларининг фаворит эканликларини майдонда исботлашлари лозимлиги, рақиблари ҳам ўзига яраша ўйин услуби ва кучли жиҳатларга эга эканликлари, шунинг учун ҳам ўзларини олдинда осон ўйин кутмоқда, деб айта олмаслигини билдирди.

Лекин, нима бўлганда ҳам, ҳар икки томон чиройли ўйин кўрсатиб, мухлисларини хурсанд қилиш ниятида эканликларини айтишмоқда.

Буёғи нима бўлади?

Ўзбекистон ва Қирғизистон миллий терма жамоалари орасидаги жавоб учрашуви эса, шу йилнинг 28 июл куни бўлиб ўтади.

Бугунги беллашув Тошкентнинг “Пахтакор” марказий стадионида маҳаллий вақт билан соат 19:00да бошланади.

Қай бир миллий терма жамоа ғолиб чиқишидан қатъиназар, иккинчи босқич саралаш босқич беллашувларида ғолиб чиққан 15 жамоа Осиё қитъасининг беш наҳангги сафларига қўшилишади.

Шундан сўнг ташланган қуръа натижасига мувофиқ, жамоалар тўрт гуруҳга бўлиниб, учинчи босқич саралаш учрашувларида беллашишади.

Саралаш босқич беллашувларида қатнашиш истагини билдириб, Осиё қитъасидан 43 давлат ариза топширган.

Улар 2014 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Осиё қитъасига ажратилган 4.5 та ўрин учун кураш олиб боришади.