Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: ғалла режаси бажарилди, деҳқоннинг нони бутунми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи uza
Image caption Жаноб Каримов Ўзбекистон ўзининг "беминнат дони ва нони"га эга бўлганини айтган

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мамлакат ғаллакорларини давлатга ғалла топшириш режасини бажарганлари билан қутлаган.

Табрикда айтилишича, бу йилги қурғоқчиликка қарамай, ўзбек деҳқонлари 7 миллионга яқин ғалла хирмони яратишга муваффақ бўлганлар.

Жаноб Каримов мустақиллик йилларида Ўзбекистон ўзининг "беминнат нони ва дони"га эга бўлгани ва хатто четга ғалла экспорт қилаётганини айтган.

Аммо АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, Ўзбекистон ўтган йили четдан бир ярим миллион тонна буғдой сотиб олган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон унининг сифати жуда паст ва аҳоли асосан қозоқ унини истеъмол қилади.

Қўшиб ёзиш

Ўзбек фермерларининг муаммоларини яқиндан ўрганган жиззахлик фаол Зиёдулла Раззоқов ғалла режаси бажарилгани ҳақидаги расмий ҳисоботларни савол остига олади.

Унинг айтишича, жойларда шўро услубидаги қўшиб ёзиш авж олган ва ғалла режаси бажарилмаганини бу йилги нарх-наводан ҳам билса бўлади.

"Ҳозир бозорда бир кило буғдойнинг нархи 800-1000 сўм, бир кило арпанинг нархи эса 1200 сўмгача. Мисол учун, ўтган йили шу пайт ғалла нархи 300-400 сўм эди. Агар 7 миллион тонна буғдой етиштирилганида нархлар бунчалик баланд бўлмаган бўлар эди", -дейди Зиёдулла Раззоқов.

У буғдойнинг катта қисми фермерлар ва аҳоли эҳтиёжларига қолаётгани ҳам ҳақиқатдан узоқ эканини айтади.

"Мен шунда ҳолатни биламан. Планимни барибир бажаролмайман, деб ўзи ва қўл остидаги ишчилар учун озгина буғдойни олиб қолган фермер дўппосланиб, буғдойни қўл билан териб, давлатга топширишга мажбурланган", дейди жиззахлик фаол.

Унинг сўзларига кўра, фермерларнинг ғалладан оладиган даромади харажатларни қоплашга етмайди.

Хўш, нима учун фермерлар ерни топшириб, бошқа иш билан шуғулланмайдилар?.

Зиёдулла Раззоқовга кўра, фермер бўйнигача қарзга ботиб кетган ва унинг бошқа чораси йўқ.

"Ерни топширса бир умр қарз тўлаши ёки қамоқда ўтириши керак",- дейди жиззахлик фаол.