Оврўпо парламенти аъзолари: Ўзбекистонга молиявий кўмаклар қандай ажратилаяпти?

Оврўпо Парламенти аъзолари Оврўпо Иттифоқи томонидан Ўзбекистон учун молиявий кўмак қай йўлда ажратилаётганлигига аниқлик киритишни талаб қилганлар.

Оврўпо Иттифоқининг Ташқи масалалар бўйича расмийси Кэтрин Аштон номига йўлланган очиқ мактубда Ўзбекистон президентининг қизи Лола Каримова-Тиллаева раҳбарлик қиладиган хайрия жамғармасига маблағ ажратиш нотўғри амал эканлиги айтилган.

Мактубда, шунингдек, ушбу хайрия ташкилоти фуқаролик жамияти институти сифатида кўрилиши керак эмаслиги, чунки ўз соҳасида монополия мавқеига эга эканлиги ва ажратилган маблағлар нотўғри йўлда сарфланганлиги таъкидланган.

Шу ҳафтада Олмониядаги Яшиллар партияси ҳам Олмония парламентига Ўзбекистон билан муносабатларни кайта кўриб чиқиш ҳақидаги таклифни киритганди.

Таклиф лойиҳасида икки томонлама алоқалар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволи билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлиши кераклиги айтилади.

Би-би-си ушбу таклиф лойиҳаси муаллифларидан бири Олмония парламенти аъзоси Виола Вонкрамон билан суҳбатлашди.

Виола Вонкрамон: Бу масала парламентнинг халқаро масалалар қўмитасида кўриб чиқилади. Шундан сўнг умид қиламанки, парламент муҳокамасига қўйилади. Лойиҳанинг тақдири бошқа партияларнинг муносабатига боғлиқ. Мен шуни биламанки, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволи биронта ҳам партия вакилларини қониқтирмайди.

Image caption Виола Вонкрамон: Ўзбекистон 2008 йилда, Оврўпо Иттифоқининг жазо чоралари бекор қилинган пайт берган ваъдаларини бажаргани йўқ ва ҳозирда Ўзбек расмийларидан ҳисоб сўралиши керак

Би-би-си: Сизларнинг петициянгизда Олмония ҳукумати ва Оврўпо Иттифоқи кескин танқид қилинган. Хусусан, уларнинг Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мулоқоти ҳар икки томонга муаммони хаспўшлаш учун бир баҳона экани айтилади. Аммо шу йилнинг майида, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Владимир Норов Берлинда бўлган пайт, Олмон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Маркус Лёнинг унга анча қаттиқ саволларни бердики, бу жаноб Норовнинг жиғига тегди. Яъни, шу маънода Олмония расмийлари Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари борасида сўроққа тутишаяпти, шундай эмасми?

Виола Вонкрамон: Ҳамма гап шунда-да. Бизнинг парламент гуруҳимиз жаноб Норов билан учрашув чоғида унга қанчалик қаттиқ саволларни берган бўлса, Олмон инсон ҳуқуқлари комиссари ҳам Ўзбекистондаги вазият ҳақида худди шундай, аниқ-таниқ гапирди. Аммо бу танқид Олмон ҳукуматининг сиёсатида акс этадими ёки шунчаки қуруқ гап бўлиб қолаверадими, асосий савол шу. Ўзбекистон 2008 йилда, Оврўпо Иттифоқининг жазо чоралари бекор қилинган пайт берган ваъдаларини бажаргани йўқ ва ҳозирда Ўзбек расмийларидан ҳисоб сўралиши керак. Бу масала кун тартибидан тушиб қолмаслиги керак. Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари билан бўлган битта учрашув етарли эмас.

Би-би-си: Аммо агар бу каби танқидлар мулоқотнинг кейинги босқичи бекор қилинишига олиб келса-чи? Масалан, Ўзбек томони олмониялик депутатларнинг кузга режаланган сафарларини бекор қилди. Бунақада мулоқот ўрнидан силжийдими?

Виола Вонкрамон: Мен ишонаманки, Ўзбекистон Олмония билан ҳамкорликдан манфаатдор. Гарчи Ўзбекистон ҳукумати биз замонавий технологияларни Россия ёки Хитойдан ҳам олаверамиз, деяётган бўлса-да, уларнинг Олмон технологияларига эҳтиёжлари бор ва улар Олмон технологиясини исташади. Ва биз бундан фойдаланишимиз керак.

Би-би-си: Сизлар Оврўпо Иттифоқи Президент Каримовга яқин одамлар томонидан бошқарилаётган лойиҳаларга пул ажратмаслиги керак, деб айтгансиз. Бу ерда гап Лола Каримованинг болалар жамғармасига ажратилган маблағ ҳақида кетаяптими?

Виола Вонкрамон: Худди шундай. Каримова хонимнинг мақсадлари жуда олий. Унинг болалар ҳуқуқлари, уларнинг саломатлигига эътибор қаратишида ҳеч бир ғайритабиийлик йўқ. Аммо агар Каримова хоним ҳақиқатан ҳам болаларнинг аҳволини яхшиламоқчи бўлса, биринчи навбатда буни пул талаб қилмайдиган соҳаларда амалга ошириши мумкин. Масалан, пахта далаларидаги болалар меҳнатига чек қўйиш орқали. Мен нима учун оврўполик солиқ тўловчиларнинг маблағлари коррупцияга ботган ва яккаҳоким Каримов тузумини қўллаб -қувватлашга сарфланиши кераклигини тушунмайман.