Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Тошкент вилояти Бўка туманида диндорларни ҳибсга олишлар бошланди"

Image caption Сурат Икромов пойтахт Тошкентда рамазон ойида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини айтади

"Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи"га кўра, Тошкент вилояти Бўка тумани Хўжа қишлоғида сўнгги ўн кун ичида беш киши ҳибсга олинган.

Гуруҳ раҳбари Сурат Икромов бу ҳақда Би-би-сига ҳибсга олинганлардан бири - Холмурод Шокировнинг турмуш ўртоғи Раъно Шокировага таяниб маълум қилди.

Сурат Икромовнинг айтишича, ҳибсга олинганларга Ўзбекистон конституциявий тузуимига тажовуз қилиш ва диний гуруҳга аъзолик қилиш айбловлари қўйилиши мумкин.

Сурат Икромов диндорларни қамоққа олишлар Тошкент вилоятининг бошқа туманларида ҳам юз бераётгани унга маълумлиги, аммо ҳозирча бу ҳақда "аниқ бир маълумот" бера олмаслигини айтди.

Раъно Шокирова Би-би-сига диндор турмуш ўртоғи Холмурод Шокиров 25 июл куни маҳалла милиция нозири томонидан олиб кетилганини айтди.

Раъно Шокирова сўзларига кўра, милиция нозири Холмурод Шокировни яшаш жойидан рўйхатдан ўтиб-ўтмаганини аниқлаш мақсадида милиция бўлинмасига олиб кетган ва кейинчалик уни "тартибни бузиш" айблови билан 10 кунга ҳибсга олган.

35 ёшли диндор Холмурод Шокиров ортидан Хўжа қишлоғидан яна уч йигит ҳибсга олинган.

Июл ойи бошларида Хўжа қишлоғидан Зайнобиддин Маматов исмли шахс ҳибсга олинган ва унга нисбатан ноқонуний диний ташкилотга аъзолик, конституциявий тузумга қилиш дохил Ўзбекистон Жиноят Кодексининг бир неча моддаси билан айблов қўйилган.

Яқинларига кўра, ҳибсга олинганларнинг барчаси Тошкент шаҳридаги Тузел ҳибсхонасида сақланмоқда.

"Қора рўйхат"

Тошкент вилоятида диндорларнинг ҳибсга олиниши мусулмонларнинг муқаддас рамазон ойи арафасига тўғри келди.

Бироқ, Сурат Икромовнинг Би-би-сига айтишича, сўнгги ҳибсга олишларнинг рамазон ойининг бошланишига тўғри келиши "тасодифий"дир.

"Ўзбекистонда ҳар бир туман ички ишлар бошқармаси ва миллий хавфсизлик хизмати компютерларида айни тумандаги барча намозхонлар рўйхати бор," дейди ҳуқуқбон.

Сурат Икромовга кўра, ушбу рўйхат халқ орасида "қора рўйхат" деб аталади.

"Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи" раисининг ишонишича, Ўзбекистонда диндорларни ҳибсга олишлар юқори давлат идораларидан келган "буйруқ" асосида амалга оширилади.

"Юқоридан қанақа буйруқ келган бўлса, милиция ва хавфсизлик ходимлари ўшанга қараб ишни юрғизишади," дейди Сурат Икромов.

Унинг айтишича, рамазон ойи кириши биланоқ Тошкент шаҳрида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Сурат Икромовнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига иқтибосан маълум қилишича, хавфсизлик чораларини кучайтиришдан мақсад Тошкент шаҳрида "террорчилик амаллари"ни бартараф этишдир.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, хавфсизлик ходимлари масжидлар атрофида "шубҳали кўринган шахсларни" алоҳида назорат остига олишмоқда.

Би-би-сининг Сурат Икромов билан суҳбатини тингланг.