Ўзбекистонда авиачипталар хориж валютасида сотиладиган бўлди

Image caption Ўзбек сўми йилдан йилга қадрсизланиб бормоқда

Ўзбекистонда 5 августдан бошлаб хориж фуқароларига авиачипталарни ўзбек сўмида сотиш тўхтатилади. Агар парвознинг бошланиш нуқтаси Ўзбекистон ташқарисида бўлса, ўзбек фуқаролари ҳам чиптани хориж валютасида сотиб оладилар.

Таҳлилчиларга кўра, бу барча ҳисоб-китоблар миллий валютада амалга оширилишини назарда тутадиган Ўзбекистондаги амалдаги қонунчиликка зиддир.

Мутахассислар буни валюта тушумларининг камайиб кетгани билан изоҳлашмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги қарор билан қандай иқтисодий масалани ечишга уринмоқда?

Би-би-си ушбу савол билан иқтисодий шарҳловчи Алишер Таксановга мурожаат этган.

Алишер Таксанов: Биринчи навбатда, албатта, бундан мақсад мамлакатнинг валюта ҳисобини тулдириш. Ўзбекистондаги ҳамма валюта ташқарига чиқиб кетаяпти. Чунки уни мамлакат ичкарисида сармоя учун, капиталлаштириш учун ишлатишнинг имкони йўқ. Ёдингизда бўлса, 2008 йилда ҳукумат аҳолининг қўлидаги валюта маблағларини банкларга жалб қилишга уринган эди. Одамларга декларация тўлдирмасдан валюта ҳисоблари очиш, даромадларини легаллаштириш таклиф этилганди. Ўшанда жуда камчилик банкларга пулини қўйган. Сабаби ақлли одамлар банкда ҳисоб очишса, солиқ, божхона идоралари ва СНБ улар ҳақда маълумотга эга бўлиши ва кейинчалик уларни суистеъмол қилишини жуда яхши билишади. Иккинчи томондан, банклар аҳолининг пулини қайтариб бермаслиги мумкин, банкларга ишонч йўқ. Ҳозирги қарор орқали ҳукумат энди чет элликларнинг қўлидаги валюта билан бўшаб қолган валюта ҳисобини тўлдирмоқчи. Хорижликларга сотиладиган авиачипталардан тушадиган даромаднинг қанчалик арзимас экани ҳисобга олинса, Ўзбекистондаги иқтисодий-молиявий аҳволнинг нақадар аянчли эканини тасаввур қилиш қийин эмас.

Би-би-си: Аммо иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг пахтаси бор, олтини бор ва жаҳон бозорида уларнинг нархи кундан-кунга ошиб бораяпти. Нима учун ҳукумат айнан бугунга келиб қўшимча валюта манбаъларини қидираяпти, деб ўйлайсиз?

Алишер Таксанов: Биринчидан, қўшимча даромад манбайи, иккинчидан эса, экспортдан келаётган даромадлар шаффоф эмас. Қанча пахта ва олтин экспорт қилинаётгани, бу пуллар қаёққа кетаётгани, уларни ким назорат қилаётганини ҳеч ким билмайди. Улар қаердадир ғарбдаги банклар ёки оффшор ҳисобларга тушаётган бўлиши мумкин. Уларнинг ҳаммаси ҳам Ўзбекистонга валюта бўлиб қайтиб келаётгани йўқ. Шунга харажатлар учун зарур маблағларни мамлакат ичкарисидан қидириш керак бўлаяпти. Умуман, менинг назаримда Ўзбекистон,охирги йилларда шарбатсиққичга ўхшаб қолаяпти. Яъни шарбати олиб бўлинган ва ҳеч нарсаси қолмаган мевани ҳам сиқиб, нимадир чиқаришга уринилаяпти. Бу механизм Ўзбекистон иқтисодининг қанчалик чорасиз аҳволда эканини кўрсатади.

Би-би-си: Ўзбек иқтисодининг аянчли аҳволи, ўзбек сўмининг мана-мана қулаши ҳақида бир неча йилдан буён гапириб келинади. Шунга қарамай, Жаҳон Банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари ҳам Ўзбекистон иқтисоди ривожланаётгани, йиллик ўсиш 7-8 фоизни ташкил этаётганини тасдиқлашаяпти. Бу рақамлар қаердан олинган?

Алишер Таксанов: Авваламбор, мен ўзбек иқтисоди ривожланаяпти, деб айтмаган бўлардим. Чунки агар Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам бозор иқтисодиётига ўтган бўлганида, ҳозирги вазиятда аллақачон дефолт юз берган бўлар эди. Ўзбекистон иқтисоди ҳалиям совет давридаги каби маъмурий-буйруқбозликка таянади, унга бозор иқтисодининг айрим унсурлари қўшилган, холос. Жаҳон банкининг умидбахш башоратларига келсак, уларнинг ҳисоботлари қайси манбаъларга таянади, деган саволни беришимиз керак. Улар Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси берган рақамлардан бошқа нарса эмас.