Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қашқадарёда жазирама иссиқ сув танқислигига сабаб бўлмоқда

Ўзбекистонда август ойи бошидан бери кузатилаётган жазирама иссиқ келгуси ҳафта бошидан бироз сусайиши башорат қилинган.

Ўзбекистон гидреметеорология маркази хабарига кўра, август ойида ҳарорат бу йил 5-8 градусга юқори бўлган. Мазкур жазирама иссиққа Эрондан келган тропик ҳаво тўлқини сабаб бўлгани айтилади.

Узгидрометнинг кўрсаткичларига кўра, республика бўйлаб ҳаво ҳарорати ҳаво кўрсаткичларини ўлчаш тажрибаси бошланганидан бери август учун максимал бўлган ҳароратга яқинлашган.

Баъзи ҳудудларда эса ҳарорат бу давр учун мутлақ максимум деб кўрилган ҳароратдан ошиб кетган.

Хусусан, Қашқадарё вилоятида маҳаллий аҳоли ҳарорат камида 55 градус экани ва иссиққа чидаш жуда қийин бўлаётганини хабар қилишган.

Унинг устига, ўта иссиқ ҳаво қурғоқчиликка сабаб бўлаётгани айтилади.

Қашқадарё вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Қарши шаҳрининг баъзи қисмларида ичимлик суви таъминоти буткул тўхтаган.

Қаршилик инсон ҳақлари фаоли Гулшан Қораеванинг айтишича, маҳаллаларда одамлар челаклар кўтариб ичимлик сувини қидириб юришибди.

"Одамлар ҳозиргача сатил кўтариб қидириб юрипти. Қаерда бўлса ўша ерда навбатда туришибди. Жуда бир "чиройли" манзара бу, кўрсангиз. Ўзим ҳам эрталабдан буён сув қидириб юрдим," дейди у.

Фаолнинг айтишича, бу вазият аввалгиларидан фарқ қилади. Маҳаллий ва вилоят ҳокимиятига қилинган қўнғироқлардан сўнг якшанба куни тушдан сўнг баъзи маҳаллалардаги жўмраклардан жилдираб сув оқишни бошлади.

Рамазон ойида бу каби ҳароратнинг юқори келиши мусулмонлар орасида рўза тутишни қийинлаштирган.

"Рўзани очиб юборишаяпти. Рўза тутиб бўмайди бу жойда энди. Тутганлар тутаяпти, лекин кўпчиликни эшитаяпман очиб юборганини. Чидаб бўлмайди," дейди Гулшан Қораева.