Gallup: Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоиздан ортиқроғи Россия сиёсатини маъқуллайди

Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоиздан ортиқроғи Россия олиб бораётган сиёсатни маъқуллайди, 4 фоизи ёқламайди ва яна 15 фоизи бу борада аниқ бир нарса дейишга ожиз.

Бундай тўхтамга Американинг Gallup омма фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилган янги сўров ортидан келинган.

Сўров ўтган йил давомида дунёнинг 106 давлатида ўтказилган.

Бу каби натижа билан Ўзбекистон расмий Кремл сиёсатига хайрихоҳ бўлган мамлакатлар рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллаган.

Собиқ МДҲ давлатлари орасида Россия олиб бораётган сиёсатни энг кўш хуш кўрадигани эса, Тожикистон бўлиб чиққан.

Сўнгги сўров натижаларига мувофиқ, Тожикистон аҳолисининг 94 фоизи расмий Москванинг сиёсатини ёқлашларини айтишган.

Рўйхатда Тожикистондан кейинги ўринларни Қирғизистон(84%), Мали(84%), Ўзбекистон(81%) ва Арманистон(75%) эгаллашган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, ушбу масалада сўровда иштирок этган давлатларнинг Россиядан келаётган даромадга қанчалик қарам эканликлари асосий роль ўйнаган.

Дейлик, Халқаро Валюта Жамғармасининг 2008 йилги маълумотларига қаралса, Россиядан юборилган пул жўнатмалари Тожикистон Йиллик Ялпи Ички Маҳсулот Ишлаб Чиқариш ҳажмининг тенг ярмини ташкил этган.

Норасмий ҳисоб-китобларга кўра эса, ушбу кўрсаткич Ўзбекистонда 10 фоизни ташкил этади.

Айрим маълумотларга қаралса, 2010 йил мобайнида Россиядан Ўзбекистонга юборилган пул жўнатмалари 1 миллиард 700 миллион долларга етган.

Ўзбекистондаги оғир иқтисодий шароит, ишсизлик ва ночорлик сабаб бугун Россияда меҳнат муҳожирлигида банд бўлган ўзбекистонликларнинг сони эса бир неча миллион экани айтилади.

Собиқ МДҲ давлатлари орасида Россия сиёсатидан ниҳоятда норози давлат Гуржистон бўлиб чиққан.

Аён бўлишича, Гуржистон аҳолисининг 80 фоизга яқини расмий Москва олиб бораётган сиёсатни хушламас эканлар.

Умуман олганда эса, Россия раҳбариятининг амаллари собиқ МДҲ давлатларидан ташқари, қора Африка давлатларида анчайин маъқулланиши аён бўлган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, собиқ Шўро республикаларининг ишларига қанчалик (ижобий ёки салбий маънода) бош суқиши ҳам расмий Кремлнинг обрўсини белгилашда муҳим ўрин тутган.

Осиё қитъасининг кўплаб давлатларида ҳам аҳолининг Россия раҳбарияти олиб бораётган сиёсатдан кўп-да бехабар эканликлари маълум бўлган.

Афғон уруши сабаб, расмий Москванинг ишларидан анчайин бохабар бўлган Афғонистонда эса, аҳолининг аксарияти унинг сиёсатини маъқулламасликларини билдиришган.

Оврўпо ва Америка қитъасида аксарият Россия олиб бораётган сиёсат борасида бирор нарса деёлмасликларини баён қилишган.

Янги сўров натижалари эса, 15 ва ундан катта ёшда бўлган 1.000 га яқин киши билан юзма-юз ёки телефон орқали қилинган суҳбатларга асосланган.