Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон телевидениеси Ислом Каримов ҳақидаги ҳужжатли филмни намойиш этди

Мустақилликнинг 20 йиллик санаси арафасида намойиш этилган филм Президент Каримовнинг мустақиллик тарихидаги ролига бағишланади.

Давлат телевидениесининг 1-канали орқали намойиш этилган филм "Мустақиллик арафасида ёки шўроларнинг сўнгги талвасаси" деб номланади.

Унда айрим сиёсий таҳлилчилар ҳамда марҳум адабиётшунос олим Озод Шарофиддинов иштирокидаги архив материалларидан фойдаланилган.

Филмда, жумладан, қорда пахта тераётган аёл тасвири ортида бошловчининг мана бу сўзлари янграйди:

"Бу- йилнинг энг совуқ кунларидан бири эди. Аммо ҳеч ким шикоят қилмас эди. Чунки шикоят қилиш фойдасиз эди. Музлаб қолган чаноқларни теришнинг бемаънилик эканини ҳамма билар эди. Ботқоқ далалар биз учун адоғи кўринмас йўлдек туюларди. Бутун миллат ўғрилар ва порахўрлар деб элон қилинган эди".

Шундан сўнг бошловчи шўролар давридаги репрессиялар, Наврўз ва исломий жанозаларнинг тақиқланиши сингари ҳолатларга эътибор қаратади.

Филмдан милиция намойишчиларни резина таёқлар билан дўппослаётган тасвирлар ҳам ўрин олган.

Бошловчи уларга "ҳамма Совет Иттифоқидаги ижтимоий вазитдан тўйган эди" дея изоҳ беради.

Ҳужжатли филм Кремлни СССРни сақлаб қолиш учун иттифоқ худуди, жумладан, Фарғона водийсида этник низоларни келтириб чиқаришда айблайди.

"Литературная газета"дан иқтибос экани айтилган мана бу парчада Ислом Каримовнинг низоларни бартараф этишдаги ролига баҳо берилган:

"Ислом Каримов бутун саъй -ҳаракатларини Фарғона водийсида тинчликни ўрнатишга йўналтирди. У жуда нозик вақтда ҳокимиятга келган эди. Бу вақтда Фарғона водийсида одамлар бир-бирларини ўлдираётган ва уйларни ёқаётган эдилар. Янги сайланган раҳбар дарҳол воқеа жойига етиб борди".

Филмда Фарғона водийси ва Тошкент вилоятидаги этник зиддиятлар, кейинроқ эса Ўшдаги биринчи қирғиннинг тўхтатилиши Президент Каримовнинг хизматлари экани таъкидланади.

Унда 1991 йил Наманганда юз берган исломий ғалаён тасвирлари, жумладан, Президент Каримовнинг намойишчилар раҳбари Тоҳир Йўлдош қўлидан микрофонни олаётгани ҳам акс этган.

Тасвир ортида марҳум адабиётшунос Озод Шарофиддиновнинг "Каримов тартибсизликлар саҳнасига етиб борди. Бу фожиа эди. У ерда онги диний экстремизм билан заҳарланган жуда кўп ёшлар тўпланган эди. Улар фанатиклар эди" , деган сўзлари келтирилади.

Филмдан марҳум қирғиз адиби Чингиз Айтматов билан суҳбат ҳам ўрин олган.

Айтматов Каримовни лидер деб атайди ва унинг Марказий Осиё тарихидаги ролига ижобий баҳо беради.

Аммо ҳужжатли филмда Совет Иттифоқи қулашидан 6 ой аввал ўтказилган референдумда Ўзбекистон СССРнинг сақланиб қолиши учун овоз бергани ҳақида лом-мим дейилмайди.

Наманганлик журналист ва мухолифат фаоли Носир Зокир филмни бир томонлама ва нохолис, дея баҳолайди.