Америка: тамаки ишлаб чиқарувчи ширкатлар ҳукуматни маҳкамага беришди

Сигарет қутилари устидаги огоҳлантириш
Image caption Агар тамаки ширкатлари маҳкама ишини бой берсалар, 2012 йил сентябридан бошлаб, сигарет қутилари устига ўхшаш огоҳлантиришлар қўйилади

АҚШдаги беш тамаки ширкати Маҳсулотлар ва дорилар сифати устидан назорат департаментини маҳкамага берди.

Тамаки ширкатлари сигарет қутиларига чекишнинг даҳшатли оқибатларини акс эттирувчи суратларни нашр этишни талаб қилувчи қонуннинг бекор этилишини исташади.

2009 йилда қабул қилинган мазкур қонунга мувофиқ, 2012 йил сентябридан бошлаб Америкадаги тамаки ишлаб чиқарувчи ширкатлар чекиш зарари ҳақидаги огоҳлантиришларни сигарет қутиларига жойлаштиришлари шарт.

Ушбу суратларда кашанда ўпкаси, ўлик инсонлар жасади ва чириган тишлар акс этиши лозим бўлади.

Қонун талабига кўра, огоҳлантирувчи суратлар сигарет қутиларининг юқори қисмига жойлаштирилиши ва тамаки маҳсулотлари рекламасининг камида 20 фоизини эгаллаши шарт.

RJ Reynolds Tobacco (Camel ва Winston савдо маркалари), Lorillard Tobacco (Newport ва True), Commonwealth Brands (Davidoff ва West маркалари), шунингдек Liggett Group ва Santa Fe Natural Tobacco ширкатлари эътироз билдиришларича, кучга киражак қонун уларнинг сўз эркинлигига оид қонуний ҳақуқларига зиддир .

Тамаки ширкатларининг 41 саҳифадан иборат шикоят аризасида тамаки зарари ҳақидаги даҳшатли эълонлар истеъмолчиларни тушкинликка тушириши ва уларни маҳсулотни сотиб олишдан чўчитиб қўйиши мумкинлиги таъкидланган.

Бефойда уриниш

Шу йил июнида АҚШ Соғликни сақлаш вазири Кэтлин Сибелиус тамакига қарши этикеткалар инсонларга зарарли одатдан қутилишга ёрдам беришини айтган эди.

Ўтган йили тамаки ширкатлари ўхшаш ишни Кентуки штатида бўлиб ўтган маҳкамада ютқизган эдилар.

Ҳозирда айни иш апелляция маҳкамасида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Маҳсулотлар ва дорилар сифати устидан назорат департаментига қарши ишга Америкадаги энг йирик тамаки ширкатларидан бири – Altria қўшилмаган. Ушбу ширкат машҳур Marlboro сигаретларини ишлаб чиқаради.

Американинг Саратон касалликларига қарши кураш жамияти маълумотига мувофиқ, 2011 йилда 220 минг АҚШ фуқаросида ўпка саратони борлиги аниқланиши кутилмоқда.