Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: сармоялар ҳажми ошмоқда, аҳоли даромадлари-чи?

Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат иқтисодига киритилган сармоялар ҳажми ўтган йилгидан қарийб саккиз фоизга ошганини айтган.

Ҳукумат хабар агентликларининг Давлат Статистика Қўмитасидан иқтибос келтиришича, сармояларнинг умумий ҳажми 5 миллиард долларга яқинлашган.

Уларнинг ярмидан кўпроғини Ўзбекистондаги корхоналар ҳамда аҳоли маблағлари ташкил этади.

24 фоизга яқини эса хорижий сармоя ва қарзлар.

Иқтисодий шарҳловчи Анвар Ҳусайиновга кўра, Ўзбекистон иқтисодининг кўлами ва аҳоли сони ҳисобга олинса, бу рақамлар ҳақиқатдан узоқ бўлмаслиги мумкин.

Унинг айтишича, Россия ва Хитой ширкатлари Ўзбекистоннинг табиий бойликларига сармоялар киритишда давом этмоқда.

Унга кўра, Британиянинг Oxus Gold ширкати билан юз берган можаро хорижий сармоядорлар учун рискларни кўрсатиши мумкин, аммо бу алоҳида холат.

"Мен шу кеча-кундузда Ўзбекистонга сармоя олиб кираётган жуда кўп хориж ширкатларини биламан. Уларнинг кўпчилиги ҳукуматнинг кафолатлари остида ва яхши имтиёзлар билан фаолият олиб бораяпти", - дейди шарҳловчи.

Унинг фикрича, Давлат Статистика Қўмитаси берган аҳоли сармояларида хорижда ишлаётган ва камида 2 миллион деб ишониладиган меҳнат муҳожирларининг улуши катта бўлиши мумкин.

"Жойларда баланд-баланд иморатлар, уй-жойлар, қишлоқ худудларида йирик-йирик савдо мажмулари барпо этилмоқда. Уларнинг атрофида эса инфратузилма юзага келаяпти. Ҳақиқатан ҳам буларни кўрмаслик мумкин эмас", - дейди Анвар Ҳусайинов.

Аммо шу билан бирга у меҳнат муҳожирлари топган маблағларнинг ҳаммаси уй-жой ва савдо иншоотлари қурилишига сарфланаётганидан афсус билдиради.

"Улар узоқ муддатда фойда келтирмайди. Ҳукумат бу маблағларни тўғри соҳаларга йўналтирганида, улар жуда катта фойда келтириши мумкин эди", - дейди шарҳловчи.