Қозоғистонда ушланган Собир Носировни ҳибсда сақлаш муддати узайтирилган

Image caption Қозоқ ҳибсхонасида Собир Носиров ўзининг ҳибсга олинганига қарши очлик эълон қилган

Қозоғистоннинг Ўрол шаҳрида қўлга олинган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Собир Носировнинг ҳибсда ушлаб туриш муддати яна бир ойга чўзилди. Маҳкама жараёни айбланувчининг иштирокисиз ўтган. Экстрадиция сўрови бўйича бир ойдан бери ушлаб турилган Носиров 20 августдан бери очлик тутаётгани айтилмоқда. Асли қўқонлик меҳнат муҳожирининг олдига қўлга олинганидан бери на адвокат ва на яқинлари қўйилмаган.

Беш йилдан бери Россияда ишлаб юрган Собир Носировнинг Қозоғистонда ҳибсда ушлаб туриш муддати 24 август куни тугаши керак эди. Аммо Ўрол шаҳар прокурорининг сўрови билан маҳкама ҳибс муддатини яна бир ойга чўзди.

Маҳкама жараёнида Собир Носировнинг ўзи иштирок этмаган, маҳкама раиси бунга эҳтиёж кўрмаётганини маълум қилган.

Ҳимоя томони Носировни Ўзбекистонга экстрадиция қилишни тўхтатишни ва уни озод қилишни сўраган.

Маҳкамада ҳимоя томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг айнан Андижон воқеалари муносабати билан 2005 йил декабрда қабул қилган резолюцияси тақдим этилган.

"Биз ушбу ҳужжатларни Ўзбекистон маҳбусларга нисбатан мунтазам қийноқ қўллайдиган ва инсон ҳуқуқларини поймол қиладиган давлат эканига исбот ўлароқ келтирдик. Қозоғистон ҳам иштирокчиси бўлган қийноқларга қарши конвенцияга кўра, Қозоғистон бу каби давлатга ростдан ҳам жиноят содир этган шахсларни ҳам бермаслиги керак. У ерда қийноқ қўллаш хавфи бор", - дейди Инсон ҳуқуқлари бюросидан Павел Кочетков.

Собир Носировнинг Қозоғистондан қочқинлик мақомини сўраш масаласи ҳам шу вақтгача ҳал этилмагани маълум қилинган.

Миграция полицияси Ўзбекистон фуқаросига қочқинлик мақоми беришни кўриб чиқиш учун Носировнинг имзоси қўйилган ариза кераклигини таъкидлаган.

Аммо Носировнинг имзосини олишнинг имкони йўқ. Чунки бир ой давомида унинг олдига на яқинлари ва на адвокат қўйилмаган.

Ўрол шаҳридаги 4 - сонли Тергов изолятор бошлиқ ўринбосари Жанбўлат Идрисов Би-би-си билан суҳбатда изоляторда сақланаётган шахс билан адвокат кўришиши мумкинлигини билдирди.

“Қариндошларини қўйишга ҳаққимиз йўқ, аммо адвокатида ордер бўлса, келсин, кўриштирамиз. Шу пайтгача ордер билан бошлиқнинг олдига адвокатлардан ҳеч ким келгани йўқ. Агар ордер билан бошлиқнинг олдига келса киритамиз”, деди Жанбўлат Идрисов.

Инсон ҳуқуқлари бюросидан Павел Кочетков, ёлланган адвокат тергов изоляторига ордер билан борганини, аммо турли сабаблар рўкач қилиниб, адвокат ҳимоясидаги шахс билан учраштирилмаганини айтди.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, бу вақтгача вақтинчалик изоляторда сақланаётганлар билан учрашиш борасида муаммо бўлмаган. Носиров ҳолати биринчи марта учрамоқда.

Ўзбекистон прокуратураси томонидан “Акромийлар” экстремистик гуруҳига аъзоликда айбланаётган Собир Носиров барча айбловларни рад этиб 20 августдан бери очлик эълон қилган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Носировнинг соғлиғи ёмонлашган бўлиши мумкин. Аммо бу ҳақда аниқ ва расмий маълумот олишнинг имкони бўлмаяпти.

"Акамга егулик олиб борсам, "биз фақат сув оламиз холос. Мазаси йўқ. Очлик эълон қилганлар фақат сув ичади", дейишди", - деган укаси Мўмин Носиров.

Тўрт фарзанднинг отаси Собир Носиров Қўқон шаҳрида мебель ишлаб чиқарадиган устахонада ишлаган. Кейинчалик қўшимча маблағ топиш мақсадида Россияга ишлашга чиқиб кетгани айтилади.

2006 йилдан бошлаб беш йил давомида қурилишларда қонуний равишда ишлаб юрган. Миграцион ҳужжатининг муддати тугагач, янгилаш мақсадида Қозоғистон чегарасини кесиб ўтади ва 23 июл куни чегара хизмати томонидан қўлга олинади.