Ливия: исёнчилар Қаддофий боши учун пул таклиф қилишмоқда

Исёнчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ливиялик исёнчилар полковник Қаддофий боши учун 1,7 миллион доллар мукофот эълон қилишди.

Улар шунингдек полковникни ўлдирган ёда топширган яқинларини авф этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Қаддофийнинг қаерда экани маълум эмас, аммо исёнчиларнинг таъкидлашларича, у ё ҳалиям Триполида ёки Ливия пойтахти атрофида яширинган.

Триполининг баъзи нуқталарида Муаммар Қаддофийга содиқ кучлар ҳамон исёнчиларга қуролли қаршилик кўрсатишмоқда.

Чоршанбага ўтар кечаси поклковник Қаддофий аудио баёнот тарқатиб, "ё ғалаба қиламан ёки шаҳид бўламан" деб айтган.

Сешанба куни исёнчилар томонидан ишғол этилган Муаммар Қаддофийнинг шахсий қароргоҳи - Боб ал-Азизияда ҳам отишмалар давом этган.

Қаддофийга содиқ кучлар соҳил бўйида жойлашган полковникнинг она шаҳри - Сирт ҳамда Ливия жанубидаги бир неча муҳим нуқта устидан назоратни сақлаб туришибди.

"Қаддофий кучлари ва унинг шериклари Қаддофий ушланмаса ёки йўқ қилинмаса, қаршиликни тўхтатишмайди", - деб баёнот берди исёнчиларнинг Миллий ўтиш кенгаши бошлиғи Мустафо Абдул Жалил.

У исёнчиларни қўллаб-қувватлаган тижоратчилар томонидан "тирик ёки ўлик" полковник боши учун 1,7 миллион доллар мукофот пули таклиф этилганини тасдиқлади.

Исёнчилар матбуот котиби Гумма Гамати сўзларига кўра, ушбу таклиф энг аввало Қаддофий доирасига - энг аввало "у билан инсоният ва Ливия халқига қарши жиноятларда шерик бўлган" шахсларга қаратилган.

"Энди уларда улкан руҳий рағбат бор," – деди Гамати. – "Агар улар ўз жонларини сақлаб қолмоқчи бўлсалар ва у билан бирга маҳкамага тортилишни истамасалар, унда ё уни топширишади ёки ўлдиришади".

Бундан ташқари, исёнчилар агар Қаддофий ҳукуматдан воз кечганини эълон қилса, унга мамлакатдан чиқиб кетишига изн беришларини айтганлар.

Бироқ Гамати полковник Қаддофийнинг бу таклифга рози бўлиши даргумон эканини айтган.

"Мен у мамлакатдан кетгандан кўра ё асир тушади ёки ҳалок бўлади", - деди исёнчилар вакили Би-би-си билан суҳбатда.

Триполида якшанба кунидан буён кечган жангларда, Миллий ўтиш кенгаши ҳисоб-китобига кўра, 400 га яқин одам ҳалок бўлган.

Исёнчилар ҳукумати раҳбари Махмуд Жибрил уларга зудлик билан 2,5 млрд доллар ёрдам керак бўлишини айтди.

Бу пуллар давлат хизматчилари маошини тўлашга ва турли инсонпарварлик ёрдамларига керак, дейишади исёнчилар вакиллари.

Исёнчилар шунингдек ўз қароргоҳларини Бенғозидан Триполига кўчириш ниятидалар. Аммо жанглар туфайли айни режани камида бир ҳафтага кечиктирганлар.